Шавкат Мирзиёев Озарбойжон президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳеч муболағасиз тарихий аҳамиятга эга эканини чуқур мамнуният билан таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бугунги саммитнинг энг муҳим натижаси бўлганини қайд этди. Ўзбекистон етакчиси таъкидлаганидек, мазкур ҳужжат ҳамкорликни чуқурлаштириш, бу борада мавжуд имкониятларни кенгайтириш ҳамда муштарак келажакни барпо этишга бўлган биргаликдаги интилишнинг ифодасидир.

Ташриф доирасида иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш бўйича янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг самарали механизмига айланган Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Ўзбекистон раҳбари Озарбойжон иқтисодиёти барқарор ривожланиб, халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Илҳом Алиевни Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлиги тиклангани ва азалий ерлари қайтарилгани билан яна бир бор муборакбод этди.

Ижтимоий инфратузилмаси жадал барпо этилиб, ҳудудида янги иш ўринлари яратилаётган Қорабоғни қайта тиклаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Озарбойжон – ишончли иттифоқчимиз, стратегик шеригимиз ва бизга қардош давлат. Муносабатларимиз замирида ягона цивилизацион код – муштарак тарихий илдизлар, кўп асрлик дўстлик, ўхшаш маданият ва анъаналар мужассам, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Саммитга жиддий тайёргарлик ишлари олиб борилгани таъкидланди. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, Ҳудудлар форуми самарали ўтказилди.

Музокаралар давомида президентлар кўп қиррали муносабатларнинг барча жабҳаларини атрофлича муҳокама қилиб, Ҳукуматлараро комиссия ҳамраисларининг асосий йўналишлар бўйича ахборотларини тингладилар.

Булар, аввало, савдо, саноат кооперацияси, энергетика, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардир.

Томонлар сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, парламентлар ва ҳукуматлар, тармоқ идоралари ҳамда ҳудудлар ўртасидаги фаол алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олдилар.

Асосий эътибор иқтисодий масалаларга қаратилди. Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бугун ушбу муҳим маррага эришиш бўйича аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган тегишли дастур қабул қилинди.