Ўзбекистон | 12:01 / 15.04.2025
1407
3 дақиқада ўқилади

Фукуокадан Ўзбекистонга чартер рейслари ташкил қилинади

Ўзбекистон элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ташриф билан Япониянинг Фукуока префектурасида бўлди.

Фото: "Дунё" АА

Ташриф Ўзбекистон Япония ҳудудлари ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, туризм ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, мамлакат иқтисодий дипломатия сиёсатини фаол илгари суриш мақсадида амалга оширилди.

Фукуока Савдо-саноат палатаси раиси Ўзбекистоннинг муҳим стратегик жойлашуви ҳамда Марказий Осиё минтақасининг улкан иқтисодий салоҳиятидан келиб чиққан ҳолда, мамлакат ва префектура ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.

Kyuden International Corporation президенти Такаши Мицуёши билан мулоқотда ушбу компания иштирок этаётган Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 61,9 гектар майдонида қуввати 1600 МВт бўлган иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳасини амалга ошириш ҳолати тўғрисида маълумот берилди.

Компания томонидан яқинда икки нафар етакчи япон муҳандислари лойиҳада иштирок этиш учун Ўзбекистонга юборилгани ва лойиҳа жадал суръатларда давом этаётгани таъкидланди. Шунингдек, ушбу йирик лойиҳа 2026 йил июнь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди.

Aso Trading Co.Ltd президенти Масахиро Асо билан учрашувда Фукуока префектурасига ўзбек миллий маҳсулотлари экспорти ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Масахиро Асо 2023 йилнинг сентябр ойида "Япония халқаро ёшлар палатаси" (JCI) раиси сифатида Ўзбекистонга амалга оширган ташрифини илиқлик билан хотирлаб, унинг доирасида ўтказилган учрашувлар жуда самарали бўлганини таъкидлади. "Префектурада мавжуд талабдан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонда қуритилган мевалар ҳамда дуккакли маҳсулотларни экспорт қилиш масаласи ўрганиб чиқяпмиз", деди у.

Hankyu Travel Co. Ltd сайёҳлик компанияси бош ижрочи директори Ёичи Томура билан кечган суҳбатда Ўзбекистонга Фукуока префектурасидан сайёҳлар оқимини ошириш, янги туризм контентларини ишлаб чиқиш ҳамда Кюшю ҳудудидан Ўзбекистонга чартер рейсларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Япон томони қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган, ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарлари жаҳон туризм масканлари орасида ўз ўрнига эгалигини билдирди. Сўнгги йилларда япон сайёҳларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётганлиги алоҳида қайд этилди.

Ишчи ташриф давомида Ўзбекистоннинг Хирошима, Фукуока ва Окаяма префектураларидаги фахрий консули, Balcom Group компанияси президенти Тецуро Ямасака билан ҳам учрашув ўтказилди.

Унда фахрий консул билан биргаликда 2025 йил давомида Ўзбекистонга хорижий инвестициялари оқимини ошириш, ўзбек маҳаллий маҳсулотларини Япония бозорига кенг тарғиб қилиш ва мамлакатга япон сайёҳлари сонини кўпайтириш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди.

Мавзуга оид