«Геосиёсий турбулентлик шароитида муқобил халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш ва Ўрта йўлакни ривожлантириш» мавзусидаги конференцияда Марказий Осиё давлатлари билан Европа Иттифоқи ўртасидаги эҳтимолий юк оқими нопропорционал тақсимланганига урғу берилди.
«Айни пайтда юк ташишнинг асосий қисми — 93 фоиздан ортиғи Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Туркманистон улуши — 3 фоиз, Ўзбекистон — 2,3 фоиз, Қирғизистон — 1,1 фоиз ва Тожикистон — 0,03 фоиз», — деди эксперт Умидулла Иброҳимов.
Анжуманда ташкилотчилар Ўрта йўлакни ривожлантириш истиқболларига бағишланган таҳлилий ҳисоботни тақдим этишди. Унга кўра, Марказий Осиёни Европа билан боғловчи транспорт йўналишлари учта йўналишда шаклланган: Шимолий, Ўрта ва Жанубий. Бу коридорлар орқали юк ташишнинг 80 фоизга яқини темирйўл транспорти ҳиссасига тўғри келади.
Марказий Осиё мамлакатларининг жаҳон транспорт хизматлари экспортидан оладиган умумий даромаддаги улуши 1 фоиздан ошмайди.
Хитой ва Россия билан умумий юк ташиш ҳажмида Қозоғистон ва Ўзбекистон етакчи. Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон улуши нисбатан паст. Эрон билан юк алмашинувида эса Туркманистон етакчи — умумий юк ҳажмининг 45,8 фоизи шу давлат ҳиссасига тўғри келади.
Марказий Осиё ҳудудида етарлича фойдаланилмаган транзит салоҳияти мавжуд. Ушбу имкониятларни ривожлантириш Евросиё минтақалари ўртасидаги товар айланмасини кескин ошириши мумкинлиги қайд этилди.
Шимолий транспорт йўлаги: мутахассислар фикри
Марказий Осиё – Россия – Беларус – Европа йўналиши бўйлаб мавжуд ташиш қуввати бўйича Марказий Осиёдан Европага юк ташиш ҳажми 16 млн тоннага етади, келгусида эса бу кўрсаткични йилига 25 млн тоннагача ошириш имкони бор.
- Коридордаги барча мамлакатлар 1520 мм.лик ягона темирйўл тармоғи билан боғланган бўлиб, юклар фақат темирйўл орқали ташилади;
- Барча темирйўл тизимлари ўзаро интеграциялашган. Транспорт ҳуқуқи, иқтисодиёти ва технология бўйича ягона ёндашув қўлланади. Ташишлар Халқаро темирйўл юк ташуви тўғрисидаги келишув бўйича ягона ҳужжат асосида амалга оширилади;
- Коридор Қозоғистон орқали Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари билан боғланади;
- Шунингдек, коридор Афғонистон ва Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имконига эга. Бу Шимолий Европа, Россия ва бошқа давлатларни Ҳиндистон яриморолининг 1,5 миллиардлик бозори билан боғлаб, Марказий Осиёни минтақалараро савдога жалб қилади.















