18 апрел, жума куни кечқурун Россиянинг Baza ва «Осторожно, новости» Telergam каналлари аввалроқ ўз қисмини рухсатсиз тарк этганликда айбланган 100 га яқин ҳарбий хизматчи Краснодардаги ҳарбий комендатурадан қочишга уринганини хабар қилди. ОАВ маълумотларига кўра, бу аскарлар «махсус ўралган ҳудуд»да сақланаётган бўлса-да, улар панжарани бузиб, комендатуранинг асосий ҳудудига чиққан.

Кейинроқ Baza'нинг аниқлик киритишича, етти нафар аскар ҳарбий қисмни тарк этишга муваффақ бўлган ва улардан тўрт нафари тез орада қўлга олинган. «Краснодар и край» Telegram каналида қочиб кетган уч шахснинг тавсифи эълон қилинди, улар ҳали ҳам қидирилмоқда. ОАВ хабарларига кўра, улар қуролсиз.

3-Трудовая кўчасида транспорт ҳаракати тўхтатилди, у «ҳар томондан тўсиб қўйилган», хавфсизлик кучлари барча машиналарни текширмоқда, деб хабар беради РБК.

Россия Ички ишлар вазирлиги Краснодарда ҳарбий хизматчиларнинг қочиб кетиши эҳтимоли ҳақидаги маълумот текширилаётганини маълум қилди.