Инглиз тилини мустақил ўрганган Мираббос Мирафзалов ҳозир бу тилда худди ўзбекчадагидек равон гапиради. Отаси автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида ишлаган вақтида логистика соҳасидаги йигитларнинг фикрлашини кўриб, Мираббоснинг асосий вақтини билим олишга йўналтиришга қарор қилади. Ҳозирда Мираббос яна икки тилни ўрганмоқда. Kun.uz болакай билан хорижий тилларни устозларсиз қандай ўзлаштираётгани ва унинг мақсадлари ҳақида суҳбатлашди.
Мираббос Мирафзалов Тошкент шаҳридаги 132-мактабнинг 6-синфида ўқийди. У 8 ёшидан инглиз тилини ўргана бошлаган. Аввалига 3 ой давомида ўқув курсларига қатнаган, аммо дарслар қониқарли бўлмагани учун курсни давом эттирмаган.
“Машғулот вақтида ёнимдаги болаларга қўшилиб, ўйинқароқлигим тутиб кетарди. Хаёлим чалғиб, дарсларни яхши ўзлаштира олмасдим. Шунинг учун, репетиторда ўқишни тўхтатдим. Ота-онам инглиз тилини ўргансам, катта компанияларда ишлашим, кўп пул топишим, қимматбаҳо машиналар минишим мумкинлигини тушунтириб беришарди. Орадан бироз вақт ўтиб уларнинг турткилари билан тилни ўзим мустақил тарзда ўргана бошладим”, – дейди у.

Устозлар ёрдами билан ҳам кўплаб болаларнинг дарс тайёрлаши амримаҳол бўлиб бораётган бир замонда Мираббос ўзини ўзи тартибга солиб, телефондаги вақтини ўйин ўйнаш учун эмас, билим олишга сарфлаган. Ўсмир йигит YouTube платформасидаги онлайн дарсликлар орқали инглиз тилини ўрганган. Дарсларни ўзлаштиришини отаси назорат қилиб борган.
“Инглиз тили бошида жуда мураккаб туюлган. Дарс қилгим келмай, йиғлаган вақтларим ҳам бўлган – кўчадан тенгдошларимга қўшилиб ўйнагим, тўп тепгим келарди. Ота-онам асосий вақтимни билим олишга йўналтирсам, бу иш келажакда қандай имконият эшикларини очишини эринмай тушунтиришарди. Уларнинг қўллаб-қувватлаши менга доим куч берар ва шу орқали қийин бўлса ҳам тилни пухта ўрганишга ҳаракат қилардим”, – дейди Мираббос.

Болакайнинг тил билишида отасининг роли катта. Мираббос ўрганганларини мустаҳкамлаш ва такрорлаш орқали инглизчада эркин гаплашишга эришган. Отаси чет элликлар кўп келадиган ҳудудлар – метро бекатлари, зиёратгоҳларга олиб бориб, ўғлини сайёҳлар билан инглизчада гаплаштирган. Баъзи вақтларда Мираббос сайёҳларга гидлик ҳам қилган.







