Қонунчилик палатасининг 22 апрел кунги ялпи мажлисида солиқ ва тадбиркорлик соҳасига оид қонун лойиҳаси қабул қилинди.

Эндиликда Сенат кўриб чиқадиган қонунга кўра:

  • биринчи марта жиноят содир этган шахс агар суд маслаҳатхонасига киргунига қадар солиқлар ва йиғимлар, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, озод қилиниши мумкин;
  • тергов ва суд жараёнида тадбиркорни ҳимоя қилишга Бизнес омбудсман ва Савдо-саноат палатасини жамоат ҳимоячиси сифатида жалб этиш тартиби белгиланмоқда;
  • солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун қўшимча ҳисобланган маблағлар тергов органи депозит ҳисобрақамидан бюджетга ўтказилгунига қадар пеня ҳисобланмайди.
  • мулкдорнинг ер участкаси жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда, мулкнинг бозор қийматида тўлаб берилган компенсация миқдори солиқ даромади таркибига киритилмайди.

Ялпи мажлисда қонун лойиҳасининг 1-моддаси муҳокамага сабаб бўлди. Бу модда билан Жиноят кодексининг 179-моддаси (сохта тадбиркорлик)га ўзгартириш киритилмоқда. ЎзЛиДеП эса кодексдан сохта тадбиркорлик тушунчасини чиқариб ташлашни таклиф қилди.

“1-модда билан Жиноят кодексининг 179-моддасига ўзгартириш киритилаёганига аҳамият берсак, бу модданинг диспозицияси Жиноят кодексидаги фирибгарлик ва солиқ йиғимларини тўлашдан бўйин товлаш борасидаги нормалар асосида ҳам жавобгарликка тортилишини кўришимиз мумкин. Суд амалиётида ҳам шундай ҳолатлар учрайди. Шундан келиб чиқиб, ушбу 179-модда тадбиркорлар учун қўшимча жавобгарлик келтириб чиқарадиган модда бўлиб турибди. Бу эса мамлакатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид ислоҳотлар руҳига тўғри келмайди. Бундан ташқари, дунёда иқтисодий тебранишлар оқибатида ушбу модда мамлакатимиздаги тадбиркорлик муҳитига ҳам салбий таъсир этиши мумкин”, – деди депутат Умид Анвархўжаев.

Умид Анвархўжаев / Фото: Қонунчилик палатаси

Унинг таъкидлашича, ривожланган давлатларда бундай норма мавжуд эмас. МДҲ давлатларида юқоридаги каби модда қонунчиликдан олиб ташланган – Россияда 2012 йилда, Қозоғистонда 2018 йилда, Беларусда эса 2018 йилда.