Шу кунларда Туркияда, Марказий Осиё ва бошқа хорижий ОАВда Шимолий Кипр масаласи долзарб. Баъзилар “Марказий Осиё туркий бирликка риоя қилмади” деган иддаони билдирмоқда. Хўш, бу иддаолар қаердан пайдо бўлди, уларни ким тарқатмоқда? Шимолий Кипр Турк Республикаси қандай пайдо бўлган, бу бўйича БМТ резолюциялари нега савол остига олинади?
Бундай гап-сўзларнинг келиб чиқиши Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида 3-4 апрел кунлари бўлиб ўтган Самарқанд саммити якунида имзоланган Самарқанд декларацияси билан боғлиқ. Декларация бандларидан бирида БМТнинг 1983-84 йилларда қабул қилинган 541- ва 550-резолюциялари тилга олинади. Бу резолюциялар Кипрнинг бирлигини урғулайди.
Кипр – Ўрта Ер денгизидаги орол, майдони 9251 кв км, жами аҳолиси 1 миллион 350 минг кишидан ошади. Кипрдан Туркия чегарасигача масофа – бор-йўғи 60 км, Грециягача эса – 783 км. Яъни Кипр Туркияга 13 баравар яқин.
Кипр 1571 йилдан бошлаб Усмонли турк давлатининг ичида бўлган. Кипрда греклар ва турклар бирга яшашган. Усмонли турклардан кейин Кипр Британия назорати остида бўлган. 1960 йилга келиб, Кипр Британиядан мустақил бўлади. Ана шу мустақил давлатнинг кейинчалик иккига бўлиниб қолиши тарихини тушуниш учун, Грециядаги воқеаларни эслаш керак бўлади.
1945 йилда Иккинчи жаҳон уруши тугайди. Дунёда икки қутб пайдо бўлади, АҚШ ва СССР ўртасида совуқ уруш бошланади. Грецияда коммунистлар исён кўтариши билан, 1946-1949 йилларда фуқаролик уруши рўй беради, ҳукумат АҚШ ва Британиянинг қўллови билан устун келади. 1967 йилга келиб, Грецияда “қора полковниклар” ҳарбий тўнтариш қилади. Ҳарбий хунта Грециядаги коммунистлар, социалистлар, либераллар, интеллигенция, сиёсий фаоллар билан қаттиқ курашади. Инсон ҳуқуқлари шу қадар қаттиқ бузиладики, Дания, Швеция ва Норвегия Грецияни Европа Кенгашидан қувишни таклиф қилади. Бу жараённи кутмасдан, Грециянинг ўзи Европа Кенгашидан чиқиб кетади.
“Қора полковник”лардан Георгиос Пападополус бир вақтнинг ўзида ҳам бош вазир, ҳам ички ва ташқи ишлар вазири, ҳам мудофаа вазири эди. Қолган ҳарбийлар ҳам давлатнинг муҳим лавозимларини эгаллаб олган.
1973 йилнинг ноябрида Грецияда талабаларнинг оммавий намойиши натижасида, ҳарбий хунтанинг ўзи Пападополусни йиқитади, уни уй қамоғига ташлайди. Ўрнига бошқа ҳарбий – бригада генерали Дмитриос Иоаннидис ҳокимиятга келади.
Бу йиллар давомида АҚШ учун СССРнинг таъсири Грецияда ҳам ёйилмаслиги асосий мақсад эди. Шу сабаб Вашингтон Грециядаги репрессияларга ҳам кўз юмиб, ҳатто ҳарбий хунта бошқаруви йилларида ҳам Афинани қўллаб келган. Лекин 1973 йилдаги Араб-Исроил урушидан кейин ўша йили октябр ойида Саудия Арабистони подшоси Файсал Ал-Сауд АҚШ ва унинг иттифоқчиларига нефт эмбаргосини ўрнатган эди. Эмбарго АҚШни иқтисодий танг ҳолатга солиб қўяди, натижада Америка Грецияга деярли ёрдам бера олмай қолади.







