Ҳиндистоннинг Кашмир штати расмийлари маҳаллий аҳоли вакилларидан камида 10 кишининг уйларини бузиб ташлади, улар ўтган ҳафтада сайёҳлар гуруҳига уюштирилган ва 26 киши ўлими билан якунланган ҳужумда иштирок этишда гумонланмоқда. Ҳужумга алоқадорликда гумон қилинган 1500 дан ортиқ шахс сўроқ қилиш учун қўлга олинган. Ҳиндистон ва Покистон чегарасида вақти-вақти билан отишмалар давом этмоқда.
Гумондорларнинг уйларини бузиш пайшанба куни (сайёҳлар ўлдирилганидан уч кун ўтгач) бошланган, Ҳиндистон хавфсизлик кучлари буни тез ва намойишкорна амалга ошириш учун портловчи моддалардан фойдаланган.
Ҳиндистон расмийлари Кашмир водийсининг турли ҳудудларидаги уйлар портлатилишини расман Паҳалгамдаги ҳужум билан боғламаяпти, бироқ бузилган уйлар минтақада ҳаракат қилаётган ёки Покистонга ўтиб кетган жангариларнинг оилаларига тегишли экани ҳақида маълумотлар бор.
Штат ҳукумати портлатилган уйлардан камида биттасини тўғридан тўғри ҳужумда гумон қилинганлар рўйхатида исми кўрсатилган шахс билан боғлаган.
Кашмир раҳбарияти Ҳиндистон расмийларининг жангариларга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, аммо уларнинг оилалари яшагани тахмин қилинган уйларни бузишнинг қонунийлигига шубҳа билан қарайди.
Жамму ва Кашмир штати бош вазири Умар Абдулла ҳужумда бевосита иштирок этганлар ҳеч қандай раҳм-шафқат кўрсатмасдан жазоланиши кераклиги, «аммо бунда бегуноҳ одамлар жабрланишига йўл қўйиб бўлмаслиги»ни таъкидлади.
Ундан аввал ушбу лавозимда ишлаган Меҳбуба Муфти ҳам уйлар бузилишига қарши чиқиб, Ҳиндистон расмийларини «террорчилар ва тинч аҳолини фарқлаш»га чақирган.
Икки давлатнинг тан олинмаган чегарасида бир ҳафтадан буён вақти-вақти билан демаркация чизиғининг икки томонида жойлашган ҳарбийлар томонидан бошланган отишмалар тинмаяпти.
Ҳиндистон Покистон ҳудудига зарба бериш-бермаслиги масаласи ҳам фаол муҳокама қилинмоқда, 2016 ва 2019 йилларда жангариларнинг кенг кўламли ҳужумларидан кейин шундай йўл тутилганди.
Ҳиндистон расмийлари сайёҳларга ҳужум қилган жангарилар Покистон ҳукумати кўмагида ҳаракат қилганини таъкидламоқда, бироқ муайян бир гуруҳ номи тилга олинмаган. Исломободда бу айбловлар қатъиян рад этилмоқда.
Ҳиндистон ва Покистон Кашмир ҳудудини 70 йилдан ортиқ вақтдан бери талашиб келади ва бу ҳудуд учун икки марта кенг кўламли уруш олиб борган. Аммо тинч аҳоли орасида қурбонлар сони бўйича 20 апрел куни сайёҳларнинг отиб ташланиши ушбу минтақада сўнгги 20 йил ичида содир этилган энг йирик теракт бўлди.

















