Иккинчи жаҳон урушидан кейин, инсоният урушлар борасида жуда жиддий хулосалар қилган, уруш олови билан ўйнашмасликка қасам ичган эди. Лекин мана, орадан 80 йил ўтиб, жаҳон ОАВда яна урушлар билан боғлиқ хабарлар одатий ҳолга айланиб қолди. Уруш борасидаги глобал сиёсий тафаккур ўзгарди.
Хўш, ҳозирги урушлар олдинги урушлардан нима мотивлар билан фарқланади? Урушнинг социологияси қандай, қай томон ўзгарди?
Бу саволга жавоб излаш учун, 20-асрдаги энг йирик биринчи ва иккинчи жаҳон урушларига тўхталишимиз зарур бўлади.
Биринчи жаҳон урушида мафкура йўқ эди. 1914-1918 йиллардаги уруш бирон бир кучли ғоя ёки мафкуравий бўлинишлар асосида кечмади. Европадаги қудратли давлатлар, шунчаки, ўзаро муносабатларга аниқлик киритиш, таъсир доираси ва ҳудудларга талашиб, урушишди. Бу урушнинг бошланиши ҳам, ҳеч ким илғамаган битта ходисадан бошланди ва кун сайин кенгайиб борди. Бу урушда иккита йирик команда бор эди. Бир томондан Антанта: Британия, Франция ва Чор Россияси. Иккинчи томондан Германия, Австрия-Венгрия ва Усмонли Турк империяси. Биринчи жаҳон урушига бешта монархия кирган бўлса, фақат биттасида монархия сақланиб қолди – Британия. Россияда подшолик йиқилиб, ҳокимиятга болшевиклар келди. Усмонли Турк подшолиги йиқилиб, Туркия Республикаси пайдо бўлди. Германияда ҳам Кайзер монархияси йиқилди. Австрия-Венгрияда нафақат монархия йиқилади, балки бу давлат парчаланиб кетади. Франция эса олдиндан республика эди, республикалигича қолади.
Иккинчи жаҳон урушини иккита тоталитар давлат биргаликда бошлайди, булар – Германия ва СССР. Иккисида ҳам бир партиявий тизим, тоталитар мафкура, якка шахс лидерлиги. Лекин бу икки тоталитар давлатнинг битта принципиал фарқи бўлади. Германия – миллатчи, немис миллатининг улуғворлигига асосланган тоталитар давлат эди. СССР эса, интернационал – кўпмиллатли тоталитар давлат эди. Бу иккиси 1941-44 йилларда ўзаро урушади. 1944 йилда иккинчи фронт очилиб, унга АҚШ қўшилади ва уруш бир томондан тоталитаризм, иккинчи томондан либерализм ўртасидаги мафкуравий аҳамият касб этади
Баъзи экспертлар “совуқ уруш”ни дунёдаги учинчи жаҳон уруши деб таснифлашади. Иккинчи жаҳон уруши тугаши билан, бу урушда ғалаба қозонган кучлар икки қутбга бўлинишади. СССР ва АҚШ дунёда ўз мафкураси ва таъсир доираси учун планетанинг барча нуқталарини қамраб олувчи тизимли курашни, рақобатни бошлаб юборишади. Бу икки давлат ўзаро бевосита тўқнашувдан қўрқишади, қочишади. Чунки бу икки давлат урушса, ядровий тўқнашув бўлиш хавфи жуда юқори эди. Ядровий тўқнашув эса бу иккала давлатни кафолатли йўқ қилиб юборар эди. Шу сабаб, Москва ва Вашингтон 40 йил давомида прокси урушлар олиб боришади. Вьетнамда социалистлар ҳокимиятга келмаслиги учун АҚШ бу давлатга кириб келади, ва СССР ёрдами натижасида, АҚШ қақшатгич зарба олади. Афғонистонда эса АҚШ ва Покистон ҳарбий базалари бўлмаслиги учун бу давлатга СССР бостириб киради ва АҚШ ҳамда унинг иттифоқчилари ёрдамида, СССР ютқазади.















