22 апрел куни Кашмирнинг Ҳиндистон назорат қиладиган қисмида 26 сайёҳ отиб ўлдирилиши ортидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасида уруш бошланиб кетди. Ракеталар учди, самолётлар уриб туширилди, дарёлар тўсиб қўйилди. Вазият жуда кескин. Қуйида бу икки давлат нега уришавериши ва қисқача можаро тарихини содда тилда тушунтиришга ҳаракат қиламиз.
Асосий муаммо – Кашмир
Демак, Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар улар мустақилликни қўлга киритган 1947 йилдан буён мавжуд. Босқинчи Британия империяси ҳозир Ҳиндистон, Покистон ва Бангладеш давлатлари жойлашган ҳудуддан 1947 йилда чиқиб кетгач, у ерларда ҳиндлар давлати Ҳиндистон ва мусулмонлар давлати Покистон тузилади.
Бу бўлиниш яриморолдаги одамлар учун даҳшатли бўлади, расмий маълумотларда камида 700 мингдан ортиқ одам ўлгани айтилади, лекин аслида қурбонлар чандон баробар кўп бўлган. Чунки ўша бўлиниш вақтида камида 18 миллион одам уйини ташлаб чиқиб кетади, кейинчалик уларнинг тўрт миллиони қаердалиги аниқланмайди.
1947 йил 15 август куни Карачида Покистон давлати, Деҳлида Ҳиндистон давлати тузилгани эълон қилинади. Покистон мусулмонлари 14 августни ҳам Ҳиндистон, ҳам Британиядан ажралиб чиққани учун мустақиллик байрами сифатида нишонлайди. Бир қарашда ҳаммаси жойида: мусулмонлар алоҳида давлатига эга бўлиб, Карачидай кўркам жойни пойтахт қилишади, каттароқ ер буддани илоҳ деб билувчи ҳиндларга қолади – энди ҳамма ўз йўлидан кетавериши мумкин, лекин...
Лекин ерга тўймас инсон ўчкўзлиги ҳамма эсон-омон тарқалишига йўл қўймайди. Икки давлат энди Кашмирни талаша бошлайди. Билмаганлар учун айтиб қўяй, Кашмир дунёдаги энг можароли жой бўлиб, бир томондан Ҳиндистон, бир томондан Покистон, бир томондан Афғонистон ва «бонусига» бир томондан Хитой билан чегарадош. Ва бу бечора Кашмир ерларига Афғонистондан бошқа барча уч давлат даъво қилади.
Босқинчи англосакслардан қолган ерда Ҳиндистон ва Покистон давлатлари тузилган вақтда Кашмир алоҳида князлик бўлган ва уни махараджа ҳиндларидан бўлмиш Хари Синкх бошқарган. Бу биродар ҳинд бўлса-да, Кашмирда яшовчиларнинг 77 фоизи мусулмонлар эди.
Кашмирни талашиш бошланган бир вақтда Покистондаги мусулмонлар катта куч билан князликни қўшиб олиш учун курашга киришади. Бу ерлар мусулмонларники, дейди улар. Эгаллаб олган ерларида Озод Кашмир тузилмасини ташкил этиб, бутун князлик Покистонники бўлишини айтишади.
Жаноб Синкх эса биров билан маслаҳат қилмай Кашмир Ҳиндистонга қўшилишини эълон қилиб, Ҳиндистон ҳукуматидан ўз қўшинларини Кашмир ҳимояси учун олиб киришни сўрайди. Жаноби Синкхнинг бу иши уч йил олдин икки одам бир одамга мурожаат қилиб қўшинларини олиб киришни сўрашини эслатиб юборади. Майли, Кашмир мавзусидан чалғимайлик.
















