Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Тошкент шаҳридаги қатор объектларга ташриф буюриб, мутасаддилар билан яшил майдонларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

«Тошкент жадал ривожланмоқда, аммо, айни пайтда, шаҳримизда яшил ҳудудлар ниҳоятда кам. Янги истироҳат боғлари барпо этиш ва атроф-муҳитни кўкаламзорлаштириш – пойтахт келажаги учун энг зарур устувор йўналишлардан.

Айнан шу сабабдан шаҳардаги қатор муҳим объектларни бориб кўрдим. Ҳар бир масканнинг ўз ўрни, хусусияти бор. Мақсадимиз битта – уларни халққа хизмат қиладиган қулай манзилга айлантириш», – дейилади постда.

Хусусан, ПА раҳбари ўз жамоаси билан Афросиёб кўчасидаги боғни кўздан кечирган. Бу ерда барча эмин-эркин дам олиши учун зарур шароитни яратиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Сайилгоҳ кўчаси, Амир Темур шоҳкўчаси ва унга туташ ҳудудларни янгилаш, Бобур номидаги Экопарк ҳамда Мирзо Улуғбек номидаги боғ майдонларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинган.

«Асосий вазифамиз – пойтахтимизга “яшил шаҳар” мақомини қайтариш, одамлар мазмунли ҳордиқ чиқариши ва сайр қилиши учун имкон қадар кўпроқ очиқ майдонлар яратишдир. Қулай ва хавфсиз муҳитни ривожлантириш, кўкаламзорлаштириш ишларини изчил давом эттириш ҳамда мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланиш лозим.

Шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш йўлида бу масалаларни ҳал этишга зудлик билан киришмоқ жуда муҳим», – дея ёзади Мирзиёева.