Истанбулда 16 май куни тушдан кейин Россия ва Украина делегациялари ўртасида 2022 йил баҳоридан бери биринчи музокаралар бўлиб ўтди. Уларни бир томонлама ўтказишни Россия президенти Владимир Путин таклиф қилганди, унинг ўзи Туркияга келмади ва ёрдамчиси Владимир Мединскийни юборди. Украина президенти Володимир Зеленский Истанбулда Путин билан шахсан учрашишни талаб қилганди.

Истанбулда Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар якунланди, улар тахминан икки соат давом этди, деб хабар бермоқда Reuters Туркия ва Украина дипломатик манбаларига таяниб. AFP агентлиги эса Украина расмийсига таяниб кун давомида Россия-Украина ўртасида қўшимча музокаралар ўтказилиши «мумкинлиги», аммо ҳозирча бу «режалаштирилмагани»ни хабар қилган.

Reuters агентлигининг Украинадаги дипломатик манбасига кўра, Россия делегацияси Истанбулдаги музокараларда номақбул талабларни илгари сурган. Хусусан, ўт очишни тўхтатиш учун Киев ўз ҳудудларидан (қисман Россия томонидан босиб олинган Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областлари) қўшинларни олиб чиқиши талаб этилган.

Ҳозирча эълон қилинган ягона келишув – «1000 га 1000» формуласи бўйича ҳарбий асирларни алмаштириш. Бу ҳақда журналистларга дастлаб Украина делегацияси раҳбари Рустем Умеров маълум қилди, кейинроқ Мединский ҳам буни тасдиқлади.

Мединский, шунингдек, музокаралардан сўнг томонлар эҳтимолий оташкесим бўйича ўз қарашларини тақдим этишга келишиб олгани, шундан сўнг музокаралар қайта тикланишини айтди.

Бундан ташқари, Мединскийнинг сўзларига кўра, Украина томони давлат раҳбарлари ўртасида тўғридан тўғри музокаралар ўтказишни сўраган ва Россия вакиллари «бу сўровни маълумот учун қабул қилган».

Украина оммавий ахборот воситалари, жумладан, «РБК-Украина»нинг ёзишича, жума куни Украина делегацияси раҳбари Умеров матбуот анжумани ўтказади.

Россия билан музокаралар бошланишидан олдин Украина делегацияси раҳбари, мудофаа вазири Рустем Умеров Киев тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатишга ва энг юқори даражада тўғридан тўғри музокараларга тайёрлигини айтганди: «Бугун биз барқарор ва адолатли тинчликка эришишнинг ҳақиқий йўлларини топиш учун Истанбулга келдик».

Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский (у 2022 йил баҳорида ҳам делегацияга раҳбарлик қилган) бир кун илгари Москва Истанбулдаги учрашувни 2022 йилги музокараларнинг «давоми» сифатида кўраётганини айтганди. «Украина томони билан тўғридан тўғри музокараларнинг вазифаси эртами-кечми можаронинг асосий сабабларини бартараф этиш орқали узоқ муддатли тинчлик ўрнатишга эришишдир», – деганди Мединский.