Италия Украинага 400 га яқин М113 бронетранспортёрларини (БТР) топширади. Бу ҳақда Италиянинг Il Messaggero газетаси хабар берди. Украинанинг Defence Express ҳарбий портали 18 май, якшанба куни аниқлик киритишича, бу VCC-2 Camilino модели бўлиб, у Американинг М113 зирҳли транспортёрининг М113А1 русумли модернизациясидир.

Техникаларни топшириш Италия мудофаа вазири Гвидо Кросетто бошчилигидаги мудофаа вазирлиги томонидан тайёрланган Украинага ҳарбий ёрдамнинг 11-пакети доирасида амалга оширилиши кутилмоқда.

VCC-2 Camilino ён томонларда қўшимча ҳимоя ва очиқ минорага эга бўлди, деди Defence Express мутахассислари.

Италияда 1200 тагача М113 БТР VCC-2 Camilino версиясига янгиланиши мумкин. Defence Express портали маълум қилишича, техникалар маълум вақтдан бери хизмат кўрсатмайди — улар тўрт йил олдин фойдаланишдан чиқарилган, 478 таси омборда қолган. Шундай қилиб, Рим, эҳтимол, Киевга захирада бўлган ушбу модификациядаги деярли барча зирҳли транспорт воситаларини юборади.