Бугун, 21 май куни Билбаода Европа Лигаси финали бўлиб ўтади. Англиянинг икки жамоаси – «Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» нуфуз жиҳатидан иккинчи ўринда турадиган еврокубок учун ўзаро куч синашади. Ўйин Тошкент вақти билан соат 23:55 да бошланади ва «Зўр ТВ» орқали намойиш этилади.

«Айни дамда ҳамма нарса»

Сен учун Қуддус нима, деб сўрашади машҳур филмда саркардадан. Жавоб шундай бўлади: – «Ҳеч нарса! Айни дамда ҳамма нарса...»

Агар бу иборани бошқа қаердадир қўллаш учун биргина имкониятингиз бўлса ва шу пайтгача ишлатмаган бўлсангиз, бахтлисиз. Бугун айни пайти. Бугун финалда майдонга тушадиган ҳар икки клуб раҳбарларидан тортиб, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ҳам юқоридаги сўзлар билан жавоб беришади, шубҳасиз.

Парадокс жиҳати ҳам шу ерда. Биз шу пайтгача жуда кўп финалларни кўрганмиз, бошланмасдан ғолиб аниқ бўлиб, якунда ўша жамоа кубокни кўтарган ўйинлар ҳам, охири номаълум драматик тўқнашувлар ҳам, бошланмасдан ғолиб аниқ бўлиб, кейин охири номаълум драматик тўқнашувга айланиб кетганларини ҳам кўрганмиз. Аммо доим биргина умумий жиҳат бўларди финалларда – мағлуб ҳам ҳар қанча тушкун бўлмасин, бошини юқори кўтариб тарк этарди стадионни. Ахир бир мусобақанинг ғолиби бўлишга бир ўйин масофада яқин кела олиш ҳам катта натижа, шундай эмасми?

Бугунги финалнинг ўзига хослиги ҳам шунда – йўқ, шундай эмас. Бугун ғолиб батутнинг энг тубидан учгандек осмонга сапчиши, мағлуб эса мавсум бўйича давом этган сурункали шармандаликнинг шокини бир онда ҳис қилиши мумкин.

Ҳеч қўрқинчли, ёмон туш кўрганмисиз? Уйғониб кетган палладаги ҳис бор, қанақадир шукр ҳисси, ҳозиргина кўрилганлар даҳшатли, аммо фақат туш эканини англаш... Бугунги ғолиб жамоа айнан мана шундек уйғонади, унда бутун мавсумни унутиш, ҳеч нарса бўлмагандек кечаги кундан бошлаш имконияти бўлади. Мағлуб эса яна қанча вақт ўша тушда яшайди, номаълум.

«Манчестер Юнайтед» ва «Тоттенҳэм» айни дамда АПЛда мос равишда 16 ва 17-ўринларни эгаллаб туришибди. Пастда фақат Чемпионшип. Сўнгги турдаги ғалаба жамоаларни нари борса 14-ўринга кўтаради. Ҳар қанақасига АПЛ тарихидаги энг ёмон натижа.

«Тоттенҳэм» Англиядаги охирги 11 ўйиндан атиги биттасини ўз фойдасига ҳал қилган. Ғалабага фақат яққол аутсайдер «Саутҳэмптон» устидан эришилган. «МЮ» ҳам қолишмайди, охирги ғалаба икки ойдан сал кўпроқ аввал, бошқа бир аутсайдер «Лестер» билан ўйинда бўлган. «Манчестер Юнайтед»да тўплар нисбати «–12», «Тоттенҳэм» эса 2025 йил лигада дарвозаси олдида энг кўп вазият яратилган жамоа саналади.

Лекин мана шу икки жамоадан бири бугун Европа Лигаси кубогини боши узра кўтариб, келаси мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Ўтган йили Европа Лигасига энг қисқа йўл – Англия кубоги орқали борган «МЮ» худди шу шаклда Чемпионлар Лигаси иштирокчисига айланиши, истеъфога бир қадам турган Анже Постекўғли эса «шпорлар» билан охирги 16 йилда биринчи соврин ютган, охирги 40 йилда еврокубокда ғалаба қозонган илк мураббийга айланади. Омадсизлик ва қаҳрамонлик масофаси шунча, атиги тўқсон дақиқалик йўл бугун.