Бугун Люблянадаги Конгресс майдонида Словенияга расмий ташриф билан келган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.


Давлатимиз раҳбарини Словения президенти Наташа Пирц Мусар самимий кутиб олди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул сафланди. Ҳарбий оркестр Ўзбекистон ва Словения давлат мадҳияларини ижро этди.

Икки мамлакат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзолари билан саломлашдилар.

Расмий маросимдан сўнг "Звезда" боғида уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат ҳамда тинчлик ва инсонпарварлик ғояларига садоқат рамзи сифатида Барча урушлар қурбонлари ёдгорлигига гул қўйилди.

Любляна шаҳридаги президент саройида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Словения президенти Наташа Пирц Мусарнинг тор доирадаги ва расмий делегациялар иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Словения етакчисига самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги 20 йилда илк бор ўтказилаётган олий даражадаги тадбирлар икки мамлакат муносабатларида янги босқичнинг бошланиши сифатида тарихга киришини таъкидлади.
Ўзбекистон ва Словения ўртасидаги амалий ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Сиёсий мулоқот, турли даражадаги алоқалар ва ишбилармонлик учрашувлари фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Икки мамлакат БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Кейинги йилларда товар айирбошлаш 3 баробар кўпайди. Маданият ва туризм соҳаларидаги алмашинувлар кенгаймоқда. Ўзбекистонда Словения фуқаролари учун визасиз режим жорий этилган.
Икки томонлама муносабатларга тизимли тус бериш учун олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
















