Одамнинг кўзи туғилганидан бошлаб тахминан 20 ёшигача ривожланади. Мазкур жараён давомида кўз аста-секин катталашиб, шаклланади. Болаликдан телефон ва планшет каби қурилмалар билан ҳаддан ташқари кўп вақт ўтказиш кўзга ортиқча юклама туширади. Бу эса визуал сигналларни танага етказувчи ушбу аъзонинг ўз ўқи бўйлаб чўзилишига олиб келади. Офталмолог Жамшиддин Сагдиевнинг Kun.uz мухбирига айтишича, бундай ўзгаришлар жарроҳлик амалиёти билан даволанадиган мураккаб муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Телефон ўзидан кўк нур (blue light) деб аталувчи тўлқинларни чиқаради. Ушбу нур қуёш нурлари таркибида мавжуд бўлса-да, сунъий манбалар, хусусан, LED экранлардан тарқалганда организмга салбий таъсир кўрсатади.

Смартфонга узоқ вақт давомида тикилиш кўз тўқималари, айниқса тўр парда (ретина)га босимни оширади, бу эса макула дегенерацияси (кўриш марказининг емирилиши) хавфини оширади. Бола кўзи ҳали тўлиқ шаклланмаган ва филтрловчи хусусияти заифроқ бўлиши туфайли катталарникига нисбатан кўк нурга таъсирчанроқ ҳисобланади. У экранга узоқ тикилганда кўзнинг табиий ҳимоя механизмлари, яъни ҳар 4-5 сонияда автоматик пирпираш, кўз суюқлиги ажралиши издан чиқади”, – дейди офталмолог.

Экранга тикилиб ишлаётган одамда кўзнинг пирпираш частотаси одатдагидан 60 фоизгача камроқ бўлади. Бу эса кўзнинг қуриши, қотиб қолиши, толиқиши ва мускулларнинг спазм ҳолатига тушишига олиб келади. 7 ёшгача бўлган болаларда ушбу ҳолат функционал бузилишларни юзага келтириши мумкин.

Инсон организми атроф-муҳитдан оладиган ахборотларнинг 70 фоизини айнан кўз орқали қабул қилади. Қолган 30 фоизи эшитиш, ҳид ва таъм билиш, сезиш ҳиссиётларига тўғри келади. Кўз тўғридан тўғри мия билан боғланган нерв толалари орқали маълумотларни қайта ишловчи мураккаб тузилма. Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кўз саломатлиги фақат жисмоний эмас, ақлий ва руҳий саломатлик учун ҳам муҳим. Кўриш қобилиятининг пасайиши тафаккур, эслаб қолиш, концентрация ва реакция тезлиги каби кўникмаларга салбий таъсир қилади. Электрон қурилмалардан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш оқибатида кўз олмаси зўриқиб, фокус қилиш қобилияти сусаяди, мияга ортиқча юк тушади. Натижада болалар тез чарчайди, ўқишга қизиқиш камаяди ва фикрлаш жараёни секинлашади”, – дейди Жамшиддин Сагдиев.

Шифокорнинг айтишича, телефонлардан тарқаладиган нурнинг энг хавфли таъсирларидан бири миянинг мелатонин ишлаб чиқаришига тўсқинлик қилиши ҳисобланади. Мелатонин “уйқу гормони” бўлиб, организмга кечаси дам олиш кераклиги ҳақидаги сигналларни узатади.