Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Сирдарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали ва Гулистон давлат университетининг қишлоқ хўжалиги ҳамда муҳандислик-техника йўналишлари ва мутахассисликлари негизида Янгиер давлат муҳандислик ва агротехнологиялар институтини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.
Институтнинг асосий фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:
- муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда ҳудуднинг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжига мувофиқ олий маълумотли мутахассислар ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш;
- таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни, илм-фан ва техниканинг сўнгги ютуқларини ҳамда етакчи хорижий олий таълим ташкилотлари тажрибаси асосида ишлаб чиқилган таълим дастурларини жорий этиш;
- ихтисослик соҳалари бўйича таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ўртасида интеграцияни кучайтириш ҳамда таълим дастурларининг ишлаб чиқариш жараёнлари билан узвий боғлиқлигини таъминлаш;
- соҳа ташкилотларида талабаларнинг малакавий амалиётини ва профессор-ўқитувчиларнинг стажировкасини ташкил этиш, шунингдек, мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;
- амалий ва фундаментал илмий-тадқиқот ишлари ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш;
- талабаларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни ривожлантириш, ватанга муҳаббат, унинг тақдирига дахлдорлик, касбга садоқат ҳиссини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёни ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш.
- бириктирилган техникумларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, методик қўллаб-қувватлаш, педагогларнинг касбий салоҳиятини ривожлантириш.
Белгилаб қўйилишича:
а) институт Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига идоравий жиҳатдан бўйсунади ҳамда Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади;
б) 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб битирувчи курс талабаларига институт дипломи берилади;
в) институтда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб:
ҳудудий ривожланиш дастурларига мувофиқ эҳтиёж юқори бўлган муҳандислик, ишлаб чиқариш, математика, информатика, яшил энергетика, сунъий интеллект, агротехнология, ахборот технологиялари ва дастурлаш каби соҳалар учун кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади;
















