Ҳужжат билан президентнинг ПФ-88-сон фармонини ижро этиш вазифалари белгиланди. Улар 2025 йил 1 июлдан республиканинг 15 та туман (шаҳар)ларида, Самарқанд вилоятида эса 2026 йил 1 январдан соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели тажриба-синов лойиҳасини жорий этишга йўналтирилган:
- бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш орқали оилавий поликлиникаларда кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифат ва самарадорлигини ошириш;
- тиббий ёрдам кўрсатишда тиббиёт муассасалари, аҳоли ва тиббиёт ходимларини аниқ вазифалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан таъминлаш;
- тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, уларнинг меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш тизимини жорий этиш;
- аҳолига тиббий хизматлар кўрсатишда қисқа муддатли чораларни ўз ичига олган "Тиббиётда 90 кунлик ўзгаришлар" дастурини амалга ошириш.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари амалдаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларини хатловдан ўтказади ва уларни Тажриба-синов лойиҳаси талабларига мувофиқ юридик шахс мақомига эга тегишли типдаги оилавий поликлиника шаклида қайта ташкил этади.
Кўп тармоқли марказий поликлиникалар марказий шифохоналарнинг маслаҳат-диагностика бўлинмаларига айлантирилади.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари – мустақил балансга, шахсий ғазна ҳисобварақларига ва давлат герби тасвири туширилган муҳрга эга давлат бошқаруви органи. Ўз фаолиятида тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармасига бўйсунади.
Туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ходимларига ҳужжат билан тасдиқланган тариф разрядлари қўлланган ҳолда иш ҳақи ҳисобланади. Бунда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимларига бўйсунувчи тиббиёт муассасалари томонидан пулли асосда кўрсатилган тиббий хизматлардан тушумларнинг 2 фоизи ушбу бўлимларнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш жамғармасига ўтказилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар қуйидагиларни амалга оширишга мажбур:
- тиббиёт бригадалари ва бириктирилган аҳоли ўртасида келишув тузиш;
- кафолатланган пакет доирасида тиббий хизматларни ўз вақтида ва сифатли кўрсатишни таъминлаш;
- бириктирилган аҳоли сони асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан харид шартномалари тузиш;















