Соғлиқни сақлаш вазирлиги режали гемодиализ муолажасини олувчи беморларнинг тиббиёт муассасасига бориб-келиши билан боғлиқ йўл харажатларини давлат бюджети ҳисобидан қоплашнинг янги механизмини жорий этиш таклифи билан чиқмоқда.

Унга кўра, беморлар гемодиализ муолажасига ўзлари учун қулай транспорт (такси, шахсий автомобил ёки бошқа транспорт) воситасида бориб-келиши ҳамда сарфланган йўл харажатларини белгиланган тартибда қоплаб бериш имконияти яратилади.

Қайд этилишича, ушбу механизм беморларга вақт ва маблағини тежаш, транспорт воситасини мустақил танлаш имконини беради.

Вазирлик мазкур ташаббусни амалга оширишдан олдин беморларнинг фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш мақсадида сўровнома ўтказмоқда. Сўровнома 15 августга қадар давом этади.