2024 йил 29 ноябр. “Навоий-Тошкент” йўналишида қатнайдиган автобусда “посадчик” бўлиб ишлайдиган йигит уйига қайтмайди. Ўзбекистон карлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимида ишлайдиган турмуш ўртоғи “Сизлар билан кетганди, топиб беринглар”, дея аввалига автобусчининг олдига боради. Сўнгра ИИБга мурожаат қилади. Ҳамма уни излар, бироқ 33 ёшли йигит ҳеч қаерда йўқ эди. Орадан 54 кун ўтиб у топилди, фақат мурдаси: йигит қотиллик қурбони бўлганди.

Шундай жиноятлар бўладики, қайсидир жиҳати билан йиллар давомида одамлар хотирасида муҳрланиб қолади. 2024 йилнинг ноябр ойи охирида Кармана туманида содир этилган қотилликни ҳам навоийликлар, айниқса ғаввослар ҳали-бери унутишмаса керак. Чунки қотиллик қурбони бўлган 33 ёшли йигитнинг мурдаси Зарафшон дарёсидан қарийб 2 ой давомида изланган. Мақолада ушбу жиноят тафсилотлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Йўқолиб қолган “посадчик”

Даврон Кенжаев ва Мафтуна Ҳусаинова 2012 йилда турмуш қуришган. Улар икки фарзанди билан Кармана туманининг Каттамачид маҳалласида истиқомат қилишарди.

Даврон Кенжаев “Навоий-Тошкент” йўналишида қатнайдиган автобусларнинг бирида йўловчиларни йўналтирувчи (посадчик) бўлиб ишлаган. У меҳнаткаш, уйим-жойим дейдиган оддий йигит бўлган. 1990 йилда туғилган Мафтуна Ҳусаинова эса Ўзбекистон карлар жамияти Навоий вилоят ҳудудий бўлими раиси лавозимида ишлаган.

Даврон 2024 йил 29 ноябр куни эрта тонгда ишга кетганича уйига қайтмайди. Эртаси куни ҳам дараги бўлавермагач, турмуш ўртоғи аввалига эри билан бирга ишлайдиганларга қўнғироқ қилиб, уни сўрайди. “Сизлар билан бирга кетган эди-ку”, дейди аёл хавотирли оҳангда. Сўнгра турмуш ўртоғи йўқолиб қолгани ҳақида ички ишлар бўлимига хабар беради.

Иши тугаши билан уйига югурадиган Давроннинг бирдан йўқолиб қолиши унинг яқинларини оёққа турғизганди: ҳамма уни излашга тушади, бироқ ҳа деганда топилавермайди. Даврон мудҳиш қотиллик қурбони бўлганини бу пайтда ҳеч ким билмасди.

Ошиқ таксист

Даврон ва Мафтуна бир қарашда атрофдагиларга бахтли оила каби кўринарди: ҳар иккиси ишли, фарзандлари бор, бировдан кам жойлари йўқ. Ҳатто Мафтуна болаларини мактаб ва боғчага олиб бориб-келтириш, ўзининг юмушлари учун шахсий таксист ҳам тутиб қўйганди. Бу 1992 йилда туғилган Сойиб Примов эди.

Сойиб ойлик тўлов эвазига ҳар куни эрталаб Мафтунанинг ўғлини мактабга, қизини эса боғчага олиб бориб, дарслар тугагач келтириб қўярди. Ундан ҳеч ким шубҳа қилмаган. Аммо олдиндан таниш бўлган Сойиб ва Мафтуна 2023 йилнинг декабр ойидан бошлаб дон олиша бошлаганди. Даврон Тошкентга кетганида Мафтуна Сойибни кўнгли тусаб, уни кечаси уйига чақирар, ошиқларнинг бундай дийдорли тунлари ҳафтада бир-икки бўлиб турарди.