Жаҳон | 15:50 / 03.06.2025
2024
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги мигрантларнинг учдан бир қисми рус тили имтиҳонидан ўтолмади

Хусусий компаниялар бу жараёндан четлатилгач, имтиҳон топширолмаганлар даражаси 3 фоиздан 30 фоизга ошгани таъкидланмоқда.

Фото: РИА Новости

Чет элликларнинг 30 фоизга яқини рус тили имтиҳонидан биринчи уринишда ўтолмади, уларнинг деярли ярми эса кейинги уринишларда ҳам ўтолмади. Бу ҳақда Россия фан ва олий таълим вазирлигига таяниб ТАСС хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, хусусий компаниялар бу жараёндан четлатилгач, имтиҳон топширолмаганлар даражаси 3 фоиздан 30 фоизга ошган. Бу кўрсаткич 2024 йил май ойидан бери барқарорлигича қолмоқда.

2023 йил 10 декабрдан бошлаб, имтиҳон ўтказиш ҳуқуқини учинчи томон ташкилотларига беришни тақиқловчи қонун кучга кирди. Илгари бундай имтиҳонларни шартнома асосида тижорат тузилмалари ўтказиши мумкин эди. Энди янги имтиҳон муассасаларини махсус рўйхатга киритиш қарори фақат Таълим ва фан вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва «Рособрнадзор» билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати турли ҳолларда чет элликлар учун имтиҳонларнинг ягона нархини тасдиқлади. Фуқароликни олишда рус тилидан, шунингдек, тарих ва Россия қонунчилиги асосларидан имтиҳон нархи ҳар бир тест учун 2,95 минг рублни (37,5 доллар) ташкил қилади. Вақтинчалик яшаш учун рухсатнома ёки яшаш учун рухсатнома олиш учун 5,9 минг рубль (75 доллар) тўланади. Ишга рухсат олиш ёки патент олиш учун ариза топширишда худди шу фанлар бўйича билимларни текшириш 3,8 минг рубль (48 доллар) туради.

Мавзуга оид

Эълонлар