Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ғазода фаластинликлар яна ўққа тутилди: бу сафар ўз ҳудудларидаги ёрдам маркази яқинида

Душанба куни Ғазода тинч аҳоли Исроил ва АҚШ томонидан қўллаб-қувватланаётган Ғазо Ҳуманитар Жамғармаси (GHF) томонидан бошқариладиган ёрдам тарқатиш марказига кетаётган вақтда яна ўққа тутилгани айтилмоқда.

BBC нашрининг гувоҳларга таяниб ёзишича, Рафаҳнинг жанубий қисмида жойлашган марказ яқинида биринчи марта қуролланган шахслар ўқ узган. Ҳамас бошқарувидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар беришича, ушбу ҳудудларда олти киши ҳалок бўлган, яна 99 киши жароҳатланган.

Исроил армияси ушбу ҳолат юзасидан текширув олиб борилаётганини билдирди. GHF баёнотида юқоридаги марказ душанба куни очилмагани ва ёрдам тарқатилган бошқа икки марказда ҳеч қандай ҳодиса юз бермагани айтилган.

Бу воқеа Исроил бош вазирининг Ғазода Ҳамасга қарши бўлган фаластинликларни қуроллантираётганини тан олганидан бир неча кун ўтиб юз берди. Олдинги ҳодисаларда гувоҳлар Исроил ҳарбийлари одамлар тўпланган жойга ўқ узганини айтишган. Исроил армияси эса бу даъволарни рад этиб, фақат огоҳлантиришларга эътибор бермаган «гумонланувчиларга» қарата ўқ узилганини билдирган.

Душанба куни содир бўлган ҳолатда эса воқеа жойидаги одамлар бу сафар фаластинлик қуролланган кишилар ҳам уларга ўқ узганини айтишди. Гувоҳлар уларнинг бу жангарилар билан Исроил ҳарбий кучларига яқин жойда ҳаракатланаётгани, сўнгра Исроил ҳарбий зонасига чекинишганини кузатган.

BBC Arabic'нинг Яқин Шарқдаги кундалик дастурига берган интервьюсида гувоҳ Ҳишам Саид шундай деган:

«Ёрдам олиш учун ҳудудга борганимизда, фуқаро кийимидаги, юзлари бутунлай ёпилган йигитлар гуруҳини кўрдик. Дастлаб, уларни ёрдам тарқатишда кўмаклашаётган фаластинлик ёшлар деб ўйладик, аммо улар тўсатдан бизга қарата ўқ узишни бошлашди. Ёрдам қутисини олиб улгурганлар ҳам нишонга олинди. Ҳозиргача ким ҳужум қилганини билмаймиз. Улар биздан ҳамма нарсани тортиб олишди — ҳатто баъзилар оломон орасида ўғрилик қилишди».

Исроил Мудофаа Кучлари ушбу ҳодиса бўйича текширув олиб бораётганини тасдиқлади.