12 июнь куни Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) бошқарув кенгаши сўнгги йигирма йил ичида биринчи марта Эроннинг ядровий мажбуриятларга риоя қилмаётгани фактини расман қайд этди.
Бундай қарор Эрон ядро дастури атрофида кескинликнинг янги тўлқинини бошлаши ва 2025 йил охиригача Теҳронга қарши БМТ санкцияларини тиклаш механизмини ишга тушириши мумкин. Бу ҳақда Euronews ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр манбаларига кўра, ХАЭА резолюциясини 19 давлат ёқлаган. Россия, Хитой ва Буркина-Фасо қарши овоз берган. Яна 11 давлат бетараф қолиб, 2 давлат вакиллари эса овоз беришда умуман қатнашмаган.
Euronews томонидан эълон қилинган резолюция матнига кўра, ХАЭА бошқарув кенгаши Теҳронни яна бир бор ядровий деб эълон қилинмаган бир қанча объектларда топилган уран излари бўйича «кечиктирмасдан» тушунтириш беришга чақирмоқда.
Ғарб дипломатларига кўра, у ерда топилган уран зарралари Эроннинг 2003 йилгача яширин ядровий қурол дастурига эга бўлганини кўрсатиши мумкин.















