Яшил зоналар, мактаб, боғча ҳудудларининг тадбиркорлик учун бериб юборилаётгани – анчадан бери аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан. Kun.uz суҳбатлашган жамиятшунос, шаҳарсоз ҳамда жамоатчилик фаоли айни тенденциядан хавотирда. Уларнинг айтишича, бу шаҳарларни қишлоқ даражасига тушишига, одамларнинг хулқ-атворида салбий аксини топишига сабаб бўлади. Жойларда табақаланиш ортиб, аҳолининг ижтимоий кайфиятида бузилиш юзага келади. Улар давлат ижтимоий соҳада асосий буюртмачи бўлиши лозимлигини таъкидлашмоқда.
Куни кеча президент бошчилигида ўтган селектор йиғилишида яшил ҳудудларнинг бошқа мақсадлар учун тадбиркорларга бериб юборилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Охирги пайтларда инсон сифатига хизмат қилувчи ижтимоий объектлар, жамоатчилик неъматларининг бизнес секторига сотиб юборилаётгани тармоқларда ҳам кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётганди.
Хўш, бундай тенденциянинг давом этиши қандай муаммоларни яратади? Ўзи бу қачондан пайдо бўлди? Ва бундай объектларнинг шаҳардан камайиши шаҳар қиёфасига қандай таъсир қилади?
Kun.uz айни мавзу атрофидаги саволларга жавоб олиш учун бир қанча экспертлар билан суҳбатлашди. Унда жамиятшунос, этнопсихолог Маҳмуд Йўлдошев, жамоатчилик фаоли Алишер Насимов ҳамда шаҳарсоз, урбанист Искандар Солиев иштирок этди. Қуйида интервюдан қисқа шарҳ келтирилади.
“Ҳар қандай шаҳар инфратузилмаси аҳолининг хулқига таъсир қилади” – жамиятшунос
Дастлаб Маҳмуд Йўлдошев ҳудуд марказлари шаҳар ўлароқ қандай ривожланишини тушунтиришга уринди. Унинг айтишича, инфратузилмада жамиятнинг тараққиёт қилишига ижобий таъсир қилувчи факторлар кўпайса, улар секин-секин йиғилади ва жойни қишлоқдан шаҳар даражасига олиб чиқади.
“Агар биз бугунги кунда бор шаҳарларимизнинг ичидаги ўша инфратузилма, яъни шаҳарчиликни ташкил қиладиган керакли нуқталарни олиб йўқ қила бошласак, демак, шаҳримиз қишлоқ даражасига қайтиши керак. Қишлоқларда керакли инфратузилма, керакли тармоқларни ривож қилдира бошласак, [у шаҳарга айланади]. Айтайлик, каттароқ қишлоқ, умумий ҳаммом йўқ ёки чойхона, бошқа дам оладиган жойлар йўқ. Бундай ҳолатда у қишлоқ сифатида қолади.
Кечқурун уйингиздан чиқиб, қўшнингиз билан бир боғнинг чеккасига бориб, салқин ҳавода дам олиш имкониятлари бўлса, демак, бу марказга айлана бошлаяпти. Секин-секин мана шундай жойлар шаҳарга айланади”,














