Ўзбекистон Рақобат қўмитаси чакана савдо қоидаларига акциялар ва чегирмалар ҳақида нормалар киритишни таклиф қилмоқда. Қўмита тегишли қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди.
Ҳужжат лойиҳасига кўра, сотувчи чегирма таклиф этганда, товарнинг аввалги нархини ҳам кўрсатиши керак бўлади. Чегирмада кўрсатилган аввалги нарх чегирма эълон қилингунга қадар охирги 30 кундаги энг паст нарх бўлиши лозим. Сотувчига буни исботлаш мажбуриятини юклаш таклиф этилмоқда.
Нархномада товарнинг акциядаги нархи одатий нарх ёзилган шрифтга қараганда каттароқ бўлиши мумкин эмас.
Сотувчи сунъий равишда нархларни ошириб, кейинчалик арзонлаштирилган нархларни чегирма сифатида кўрсатиш орқали истеъмолчиларни чалғитиши тақиқланади.
Ўтказиладиган акция ва чегирмалар ҳамда устамалар юзасидан батафсил ахборот, ушбу тадбирлар ўтказилишидан 10 кун олдин солиқ хизмати органларига тақдим этилиши шарт, деб белгиланиши мумкин.
Сотувчи ўз товарларига нисбатан чегирмаларни эълон қилишда товарлар ва нархлар ҳисобини юритишга, товарнинг охирги 30 кунда амалда бўлган нархларини қайд этиш ҳамда истеъмолчининг талабига кўра, мазкур маълумотларни тақдим этишга мажбур, деган қоида таклиф этилмоқда.
Акция ўтказмоқчи бўлган сотувчиларга қуйидаги талаблар қўйилиши мумкин:
- акцияни эълон қилишда унинг шартларини, шу жумладан акциянинг амал қилиш муддати, сотиб олиш шартлари, акцияга қўйиладиган товарлар номи (туркуми) ва бошқа муҳим маълумотларни истеъмолчиларга аниқ ва тушунарли қилиб етказиш;
- акция эълон қилингандан сўнг унинг шартларини ўзгартирмаслик, акцияга қўйиладиган товар нархи ҳақида тўғри ва етарли даражада тўлиқ маълумот бериш;
- акция давомида таклиф этилаётган чегирма, бонус ва бошқа имтиёзлар ҳақиқатда амал қилишини таъминлаш;
- акцияга қўйилган товарлар захирасининг унинг амал қилиш муддати давомида етарли миқдорда бўлишини таъминлаш.
Бундан ташқари:
- чегирмани аниқ фоиз ёки сумма шаклида белгилаш ҳамда товар нархи осон аниқланиши ва аниқ ўқилишини таъминлаш;
- истеъмолчининг талабига кўра, ҳар бир товар учун чегирма нархгача бўлган нарх ҳақида аниқ маълумот тақдим этиш;
- товарнинг 30 кун олдинги нархини далиллар билан асослаб бериш;















