Исроил Эронга ҳужум қилиб, 12 кун давомида бомбалади. Шундан кейин Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу баёнот бериб, урушни тўхтатиши, чунки “қўйилган мақсадларга эришилгани”ни билдирди. Аслида ҳам шундайми? Исроил ўз мақсадларига эришдими? Нетаняҳунинг “биз мақсадларимизга эришдик” деган баёноти, энг камида нотўғри, чунки қўйилган мақсадларга эришилмади. Аксинча, тескари натижалар ҳам кузатилди.
Исроил уруш бошида икки мақсадни кўзлади: биринчиси – Эрон ядро дастурини йўқотиш, иккинчиси – Эрон сиёсий тизимини йиқитиш.
Ядро дастури йўқ қилиндими? Аниқ жавоб ҳозирча йўқ, лекин ядро дастури йўқ қилинмагани эҳтимоли юқорироқ. Америка томонидан бомбаланган Эрон ерости ядро иншоотларининг реал аҳволи тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин кўплаб экспертлар фикрича, Эрон бу бункерларни айнан мана шундай бомбалашларни ҳисобга олиб қурган эди. Қолаверса, энг кенг тарқалган версияларга кўра, Эрон бу бункерларга ҳужумларни олдиндан билган ва бойитилган уранни бошқа, хавфсиз жойларга олиб чиқиб кетишга улгурган.
Хўш, унда Исроилнинг Эрондаги сиёсий тизимни ўзгартириш режаси амалга ошдими? Йўқ, мутлақ тескариси юз берди. Исроилнинг ҳужумларини эронликлар “сиёсий тизимга ҳужум” сифатида эмас, Эрон халқига ва давлатига ҳужум сифатида қабул қилди. Эрон халқи ҳукумат атрофида жипслашди. Бунинг ички ва ташқи сабаблари бор. Исроилнинг репутацияси Яқин Шарқнинг барча давлатларида, мусулмон жамиятларида ўта салбий. Айниқса, кейинги бир ярим йилдан ортиқ вақт давом этаётган Ғазодаги геноцид, этник тозалаш сиёсати фонида. Шу сабаб, эронликлар ҳукуматга қарши бош кўтариш уёқда турсин, унинг атрофида бирлашди.
Жумладан, Исроилнинг Эрон телевидениесига ҳужуми ҳам эронликларнинг кучлироқ нафратига сабаб бўлди. Исроил бамисоли Эрон давлат пропагандасига ҳужум қилганини айтиб, ўзини оқлаши мумкин. Лекин бу ҳужум сабаб Эрон журналистлари Исроилга янада қаттиқ ғазабда бўлишди. Бу ҳужум билан Исроил ўзини ўзи Эрон ОАВнинг нишонига айлантирди.
Демак, Исроил ўз олдига қўйган икки асосий мақсадга эриша олмади. Эрон ядро дастури сақланиб қолмоқда. Эрон сиёсий тизими йиқилмади, балки мустаҳкамланди. Чунки Эрон дунё кўз ўнгида агрессия қурбони бўлди, мусулмон давлатлари унга ҳамдардлик ва ҳамкорлик билдирди. Мусулмон халқлари Эрон томонида бўлишди. Бир вақтлар нисбатан изоляцияда бўлган Эрон, энг критик вазиятларда ҳам вазминлик намойиш этишга қодирлигини исботлаши билан, ишонч ва ҳурмат қозонди.
Хўш, Исроил дунё кўз ўнгида ўзини “тўғри йўлдаги давлат” дея кўрсата олдими? Унинг ҳужумларини дунё жамоатчилик фикри “тўғри иш” дея қабул қилдими? Йўқ, Исроил ва АҚШ бу кутилмаган ҳужумлари билан халқаро қонунчиликни жуда қўпол равишда бузди. Бунинг оқибатлари ҳали анча вақт билинади. Чунки АҚШ ва Исроил Эронни “музокаралар” билан алдаб, уни чалғитиб, кутилмаганда ҳужум уюштиришди, Эрон давлат мулозимлари ва мулкларига ҳужум қилиб, инсоний ва моддий талофат етказишди.












