Лвив, Полтава, Черкасс, Миколайив ва Запорижжя областларида вайронгарчиликлар кузатилган. Ҳужумни қайтариш чоғида украинларнинг F-16 қирувчи самолёти қулаган, унинг учувчиси ҳалок бўлган.

Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари якшанбага ўтар кечаси Россия қўшинлари турли хилдаги 477 та дрон, жумладан, 250 дан ортиқ «Shaheed» аппаратлари ёрдамида Украинага ҳужум қилганини маълум қилди.

Бундан ташқари, ҳарбий-ҳаво кучлари «Кинжал» русумли 4 та аэробаллистик ракета, «Искандер-М» мажмуасининг 7 та баллистик ракетаси, Х-101 русумли 41 ракета, «Калибр» русумли 5 та ракета (улар Қора денгиз ҳудудидан учирилган), шунингдек, С-300 тизимининг учта баллистик ракетаси билан зарба берилганини маълум қилган.

Украина қуролли кучларининг Киев вақти билан соат 08:30 гача бўлган маълумотларига кўра, 475 та ҳаво нишони зарарсизлантирилган, шундан 249 таси ўт очиш воситалари билан уриб туширилган, яна 226 таси эса «локациясини йўқотган» (Украина ҳарбийлари нишонлар радар экранларидан талафот етказмасдан ғойиб бўлганида шундай сўзларни ишлатади).

Россия мудофаа вазирлиги йирик зарба ҳақида қисқа хабар эълон қилди, бироқ унда Россия ракеталари ва дронлари айнан қайси нишонларга зарба беришга урингани ҳақида батафсил маълумот йўқ. Фақат бундай хабарлар учун одатий баёнот бор, яъни зарба «Украинанинг ҳарбий-саноат мажмуаси объектлари ва нефтни қайта ишлаш заводлари»га берилган.

Аввалроқ кузатувчилар тез орада Россия Украинага дронлар билан ёпирилма зарбалар бериши, бир ҳужумда ярим минг «Shaheed»дан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

Ҳужум қандай бошланган?

Кечқурун Украина ҳудудига Россиянинг юзлаб дронлари учиб кира бошлади, соат бирдан кейин ҳаво тревогаси мамлакатнинг ғарбий областларига ҳам етиб борди.

Кейин Қора денгиз ҳудудидан учирилган «Калибр» қанотли ракета гуруҳлари, сўнгра Ту-95МС бомбардимончи самолётларидан Х-101 қанотли ракеталари бир неча тўлқин бўлиб Украинага учиб кирди. Ракеталар шарқ ва жанубдан учиб келиб, Украина ғарбига йўналган.

Шунингдек, Россиянинг МиГ-31К самолётлари икки марта ҳавога кўтарилиб, «Кинжал» аэробаллистик ракеталарини учирган, бир нечта ер усти комплекслари ҳам баллистик ракеталар билан зарба берган. Ракета ҳужуми деярли эрталаб соат 5 гача давом этган.

Полтава областининг Кременчуг шаҳрига бир нечта ракета ҳужум қилгани маълум: «Кинжал» аэробаллистик ракеталари билан ҳам, ердан отилган ракеталар билан ҳам. Бу шаҳар сўнгги ҳафталарда бир неча бор Россиянинг йирик зарбалари нишонига айланмоқда.