Ўзбекистон | 16:32 / 30.06.2025
5077
2 дақиқада ўқилади

ЯТТларга заргарлик буюмларини сотишга рухсат берилади

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб, заргарлик буюмлари савдоси билан шуғулланиш учун юридик шахс очиш шарт бўлмайди: якка тартибдаги тадбиркорларга бу фаолият тури билан шуғулланишга рухсат берилади. Шунингдек, қимматбаҳо металларга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.

Фото: Сергей Пятаков

«Заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади:

- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз;

- олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим.

2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҚҚС 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда республика бюджетидан қайтарилади.

2025 йил 1 сентябрдан:

- Якка тартибдаги тадбиркорларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат берилади;

- Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади;

- қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид