АҚШ ва Россия президентлари ўртасида олти марта телефон орқали мулоқот ўтказилган бўлса-да, Украина бўйича аниқ натижага эришилмагани глобал сиёсатда саволлар уйғотмоқда. Бу ҳолат Доналд Трампнинг воситачилик ролига, Ғарбнинг изоляция сиёсатига ва АҚШнинг ҳарбий-иқтисодий салоҳиятига оид муҳим муаммоларни юзага чиқармоқда. «Геосиёсат»да экспертлар икки етакчи атрофидаги суҳбат ва Украинага ёрдам масаласи юзасидан ўз фикрларини билдирди.
— Нега АҚШ ва Россия президентлари ўртасида бўлиб ўтган 6 марталик телефон суҳбатидан кейин ҳам Украина бўйича «ҳеч қандай муваффақият» кузатилмади?
— Жаҳонгир Акрамов: Қайсидир маънода Доналд Трамп Путинни дипломатик изоляциядан олиб чиқди. У Ғарб дипломатиясининг 2022 йилдан бери амалга ошириб келинган яккалаш сиёсатини нолга тенглаштирди. Шунингдек, томонлар олти марта суҳбатлашиб ҳам натижага эриша олмаган экан, кейинги эскалацияга тайёрми деган саволни юзага келтиради.
Айнан эҳтимолий еттинчи суҳбат натижа бериши учун Доналд Трамп иқтисодий ёки ҳарбий-сиёсий эскалацияга йўл қўйиб, санкциялар, турли воситалар билан Россияни мажбур қилиш йўлига ўта олиши керак. Ҳозирги ҳолатда Трампнинг Зеленский ва Путинга нисбатан муносабатлари икки хиллиги унинг реал воситачи ролига ҳам путур етказяпти. Яъни Украинага қурол етказишни тўхтатиш ва Россияга нисбатан ҳеч қандай амалий босим йўқлиги бунинг исботи.
Иккинчидан, ҳозирги Россия раҳбарияти Трамп эскалациянинг кейинги босқичига тайёр эмаслиги, Байден давридаги каби қарорлар қабул қилолмаслигини англаб турибди. Бир йил аввал Украина Европа Иттифоқига ҳам қўшилишига қарши эмасмиз, деган баёнотлар билдирган Россия ҳозирги вақтда керак бўлса, нейтрал, умуман ҳеч қандай иттифоққа қўшилмаслик талабларини ҳам кўтариш эҳтимоли юқори бўлиб турибди.
Бунинг устига Пентагоннинг Украинага Patriot тизимлари учун ракеталарни етказиб беришни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори – Россиянинг ёзги катта юришига мотивация беради. Бу ҳолат АҚШнинг Евросиёдаги стратегик имкониятларига катта зарба бўлади, дейиш мумкин. Чунки ҳозирги вазият – 1945 йилдан бери АҚШ томонидан таклиф қилинган хавфсизлик архитектурасини жуда катта сўроқ остига солиб қўйяпти. Ғарб давлатлари Трампнинг барча талабларини деярли бажаряпти, масалан, НАТОни молиялаштириш масаласида ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга рози.
— Ҳамза Болтаев: Ғарб давлатлари молиялаштиришининг ўзи билан жанг майдонидаги масала ҳал бўлиб қолмайди. Ҳозирда Америка Қўшма Штатларидаги ишлаб чиқариш салоҳияти йилдан йилга камайиши ҳарбий салоҳиятга жуда катта таъсир кўрсатди.














