Жаҳон | 17:34 / 07.07.2025
2749
2 дақиқада ўқилади

Греция 14 йил ичида илк бор сурияликларга бошпана беришни рад этди

Греция 2011 йилдан бери 147 минг нафар Сурия фуқаросига бошпана берган. Башар Асад режими қулагач, мамлакат сурияликларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни музлатиб қўйганди.

Фото: AP

Греция ҳукумати 2011 йилдан бери биринчи марта суриялик қочоқларга бошпана беришни рад эта бошлади.

Қайд этилишича, Бошпана тақдим этиш хизматига янги директива йўлланган бўлиб, унда Греция Сурияга ихтиёрий қайтиш жараёнини қайта тиклаши ҳақида сўз боради.

«Греция Европада биринчи бўлиб, Сурияда Асад режими қулаганидан сўнг, сурияликларнинг бошпана сўровларини кўриб чиқишни музлатиб қўйди ҳамда уларни синчиклаб кўриб чиқишга киришди. Шу орқали биз халқаро ҳимоя билан боғлиқ суиистеъмолликларга йўл қўймаслигимизни намоён қилдик», дейди мамлакат иммиграция ва бошпана вазири Танос Плеврис.

Унинг сўзларига кўра, бир неча кун аввал чиқарилган салбий жавоблар уларнинг «қочиш сабаблари ва шахсий характеристикалари» асосида қабул қилинган.

Греция 2011 йилдан бери 147 минг нафар Сурия фуқаросига бошпана берган. Шунингдек, сўнгги йилларда яна 150 мингга яқин суриялик мамлакатга ноқонуний кириб келган ва Европанинг бошқа давлатларига ўтиб кетган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид