Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил I ярим йиллик якуни бўйича кутилаётган дастлабки макроиқтисодий кўрсаткичлар тўғрисида Kun.uz'га маълумот берди.
Макрокўрсаткичлар
Жорий йилнинг январ-июн ойларида иқтисодиёт ва тармоқларида эришилган ва кутилаётган натижалардан ялпи ички маҳсулот ҳажми 6,7-6,8 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Хусусан:
- саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми – 6,3 фоиз;
- бозор хизматлари – 13,5 фоиз;
- қишлоқ хўжалиги – 4 фоиз;
- қурилиш ишлари – 9,7 фоизга ўсиши кутиляпти.
Инфляция даражаси йил бошига нисбатан 4,2 фоизни (2024 йилнинг мос даврида – 5,2 фоиз) ёки йиллик ҳисобда 8,7 фоизни (10,6 фоиз) ташкил қилди.
Давлат бюджети даромадлари 144,2 трлн сўмни ташкил этди. Бу – ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31,4 трлн сўм ёки 27,8 фоизга кўп.
Ярим йилликда бюджет харажатлари 13,1 фоизга ўсиб, 173,3 трлн сўмга етди.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан жами 1,6 млрд доллларлик ресурслар ажратилди.
Саноат тармоқлари
6 ойлик саноат ишлаб чиқариши 460 трлн сўмни ташкил этиши кутилмоқда.
Йирик корхоналар томонидан 56,7 тонна олтин (ўсиш – 3,8%), 80 тонна кумуш (16%), 24,7 млн кв м ойна (1,3 баробар), 7 млн тонна цемент (10,1%), 29 млн кв м гипсокартон (13,4%), 360 млн кв м ип газлама (12,3%), 438 млн дона трикотаж маҳсулотлари (9,2%), 112 минг тн трикотаж мато (8,4%) ишлаб чиқарилди.
Бунда, республика товар-хомашё биржаси битимлари ҳажми 1,3 баробарга (82,7 трлн сўмгача) ошди.
Ҳудудлар кесимида саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича Жиззах (11,8%), Навоий (10,7%), Хоразм (9,4%), Наманган (9%) ва Қашқадарё (7,2%) вилоятларида юқори ўсиш кутилмоқда.
Бунда, ҳудудларда фаолият кўрсатмаётган 4,5 мингта саноат корхонаси фаолияти қайта йўлга қўйилиб, 112 млрд сўмлик қувват яратилди ва 7 мингта иш ўрни тикланди.
Экспорт
Жорий йилнинг I ярим йилида экспорт ҳажми 16,9 млрд долларни (ўсиш – 33%) ташкил этди. Бунда, товар ва хизматлар экспорти (махсус экспортсиз) 23 фоизга ошди (10,4 млрд доллар).















