Болгария 2026 йилнинг январ ойида ягона Европа валютасига ўтади. Брюсселда Европа Иттифоқи молия вазирлари зарур ҳуқуқий ҳужжатларни имзолади. Шундай қилиб, Европа Иттифоқи Болгариянинг евро ҳудудига қўшилиши учун якуний розилигини берди ва у ягона валюта зонасининг 21-давлатига айланади.
1 январдан Болгария миллий валюта левни еврога алмаштиради. Айирбошлаш курси 1 евро учун 1,95583 лева этиб белгиланган.
Июн ойи бошида Еврокомиссия Болгариянинг евроҳудудга киришига розилик берган эди. Мамлакат зарур мезонларга жавоб берди ва «еврозонанинг асосий қарорларини шакллантиришда ўзининг муносиб ўрнини эгаллайди», дея маълум қилди Брюсселдаги идора. Европа Марказий банки (ЕМБ) ҳам Болгария иқтисодиётини еврога ўтиш учун етарли даражада тайёр деб ҳисоблади. София ҳукумати зарур ислоҳотларни амалга ошириш учун катта саъй-ҳаракатларни амалга оширди, деди ЕМБ бош иқтисодчиси Филип Лейн. Июн ойи ўрталарида Еврогуруҳ аъзолари Болгарияни евроҳудуд мамлакатлари ҳамжамиятига қўшилишини тавсия қилди.
Болгария бир неча йиллардан бери еврони қабул қилишга интилиб келган, бироқ юқори инфляция туфайли бунга эриша олмади, чунки евро ҳудудига қўшилиш мезонларидан бири «нарх барқарорлиги» ҳисобланади. 2024 йилда Болгарияда инфляция даражаси 2,7 фоизни ташкил этди, бу белгиланган кўрсаткичдан бироз пастроқ. Болгария леви 2020 йилдан бошлаб валюта курси механизми орқали еврога боғланган.
Болгарияда оммавий норозилик намойишлари фонида еврога ўтиш режалари амалга оширилмоқда. Евро ҳудудига қўшилишга қарши бўлган россияпараст ва миллатчи кучлар янги норозилик намойишлари ўтказишга чақирди. 2025 йил бошидан бери Болгария Шенген ҳудудининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади.















