2025 йил 30 июн куни ҳакерлар C&M IT-компаниясининг ички тизимларига кириш орқали Бразилиянинг олти банкидан тахминан 140 миллион доллар ўғирлади.

Компания банкларни мамлакат Марказий банки билан боғлаш бўйича ечимларни ишлаб чиқади. Ҳужумда асосий ролни С&М ходими Жоао Назарено Роке ўйнади, у тажовузкорларга 2770 доллар эвазига ўз аккаунти маълумотларини берди, кейин эса Notion платформаси орқали буйруқларни бажариб, қўшимча 1850 доллар ишлаб олди.

Инсайдер ўз фаолиятини яширишга уриниб, тез-тез телефонларини алмаштириб турди, бироқ 3 июл куни Сан-Паулуда қўлга олинди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, ҳакерлар уни ўз сафига жалб қилган.

Бузғунчилик мамлакат аҳолисининг 76 фоиздан кўпроғи фойдаланадиган PIX лаҳзали тўлов тизимига таъсир кўрсатди. Банклардан бири қарийб 100 миллион доллар йўқотгани таъкидланмоқда.

Таҳлилчи ZachXBT сўзларига кўра, маблағларнинг бир қисми - 30-40 миллион доллар аллақачон биржалар ва аноним биржадан ташқари платформалар орқали криптовалютага ўтказилган.

C&M компаниясининг таъкидлашича, унинг тизимлари бузилмаган - ҳужумга фақат ижтимоий муҳандислик сабаб бўлган.