Уларнинг жасадлари Нусайратдаги «Ал-Авда» касалхонасига юборилган. Шунингдек, 16 нафар ярадор, жумладан етти нафар бола касалхонага ётқизилган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, дрон ал-Нусайрат қочқинлар лагеридаги сув тўлдирилган цистерна ёнида бўш идишлар билан турган одамлар устига ракета учирган.

Исроил ҳарбийлари ҳозирча ҳодисага изоҳ бермади.

Зарбадан кейин пайдо бўлган видеоёзувларда қонга бўялган болалар ва жасадларни кўриш мумкин. Аҳоли воқеа жойига шошилган ва жароҳатланганларни автомобилларда, шунингдек эшак қўшилган араваларда шифохонага олиб борган.

Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги вакилининг маълум қилишича, якшанба куни анклав маркази ва Ғазо шаҳридаги турар жой биноларига учта алоҳида зарба берилиши оқибатида яна 19 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси хабар беришича, шанба куни унинг Рафаҳдаги дала шифохонасига «ўқотар қуролдан яраланган» 132 нафар бемор олиб келинган, улардан 31 нафари вафот этган.

Қўмитанинг маълум қилишича, беморларнинг аксарияти ўқотар қуролдан жароҳат олган, улар озиқ-овқат тарқатиш пунктларига етиб боришга ҳаракат қилишганини айтишган.

Қизил Хоч маълумотларига кўра, 27 май куни янги озиқ-овқат тарқатиш пунктлари очилганидан бери касалхонада 3400 дан ортиқ ярадор даволанган, 250 дан ортиқ ўлим қайд этилган. Бу ўтган йилдаги жабрланганлар сонидан кўп.

«Оммавий қурбонлар билан боғлиқ бу ҳодисаларнинг хавотирли частотаси ва кўлами Ғазодаги тинч аҳоли қандай даҳшатли шароитда эканини кўрсатади», – дейилади қўмита баёнотида.

Шанба куни Ғазо жанубидаги «Носир» касалхонаси гуманитар ёрдам тарқатиш пункти яқинида 24 киши ҳалок бўлганини маълум қилди, гувоҳларнинг сўзларига кўра, одамлар озиқ-овқат олмоқчи бўлганида Исроил қўшинлари ўт очган.

Исроил мудофаа кучлари ушбу ҳудуд яқинида ўққа тутилиши оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумотга эга эмаслигини маълум қилган. Исроил ҳарбий амалдорининг алоҳида таъкидлашича, огоҳлантирувчи ўқлар ҳарбийлар хавф туғдириши мумкин бўлган одамларни тарқатиш учун отилган.

Жума куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳозирги вақтда гуманитар ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ 789 та ўлим ҳолати қайд этилганини маълум қилди.