Кўчмас мулк | 07:53 / 14.07.2025
3479
3 дақиқада ўқилади

Моддий маданий мерос объектларини ижарага бериш онлайн аукцион орқали амалга оширилади

"Моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни ижарага бериш ва улардан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

2025 йил 1 июлдан моддий маданий мерос объектларини ва уларга туташ ҳудудларни уларни ободонлаштириш ва зарур ҳолатда сақлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари олган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларга узоқ муддатга ижарага бериш электрон онлайн аукцион савдолари орқали амалга оширилади.

Маданий мерос объектлари ва уларга туташ ҳудудларни узоқ муддатга ижарага бериш E-auksion электрон савдо платформасида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган E-auksion электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Маданий мерос объектларини узоқ муддатга ижарага бериш шартномаси ижарага олувчи, Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Маданий мерос объектларидан фойдаланиш дирекцияси ўртасида уч томонлама ижара шартномаси асосида берилади.

Ижара шартномаси шартларига риоя этилиши юзасидан назорат Маданий мерос агентлиги томонидан амалга оширилади.

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Маданий мерос агентлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг Маданий мерос агентлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Маданий мерос объектларидан фойдаланиш дирекциясини ташкил этиш бўйича таклифи маъқулланади.
  
Қуйидагилар дирекциянинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • давлат мулки бўлган бўш турган ва фойдаланилмаётган маданий мерос объектларининг бино ва иншоотларини, фойдаланилмаётган ер майдонларини (кейинги ўринларда – объектлар) аниқлаш ва ҳисобини юритиш;
  • бўш турган маданий мерос объектларини сақлаш ва улардан самарали фойдаланиш, шу жумладан ижарага беришни ташкил этиш;
  • ижарага берилган маданий мерос объектларни ва уларни ижарага беришдан тушадиган маблағларни ҳисобга олиш ва уларнинг мониторингини олиб бориш;
  • ижарага берилган маданий мерос объектлардан мақсадли фойдаланилишини ва уларнинг сақланишини, шунингдек, ижара тўлови ўз вақтида ва тўлиқ тўланишини назорат қилиш;
  • давлат муассасалари (корхоналари)га бириктирилган давлат мулки бўлган маданий мерос объектларидан самарали фойдаланилиши ва уларнинг сақланишини белгиланган тартибда текшириш;
  • дирекция ўзига юкланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида барча давлат органлари  ва ташкилотларидан зарур бўлган ахборот ва материалларни сўраб олишга ҳақли.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид