Соғлиқни сақлаш вазирлигида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг сайёр мажлиси ўтказилди.

Kun.uz манбасига кўра, йиғилишда вазир Асилбек Худоёров Олий суд раиси Бахтиёр Исломовга “қизамиқ эпидемияси” бўйича наманганлик врачларга тайинланган жазо адолатсиз экани, тиббиёт ходимлари жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилиниб, халқ хизматига қайтарилиши мақсадга мувофиқлиги ҳақида фикр билдирган. Вазир ўз фикрларини республикада эпидемиолог-врачларга катта эҳтиёж борлиги, кадрлар етишмовчилиги оқибатида Санэпидқўм тизимидаги муассасаларда 30 фоиз эпидемиолог штатлари вакант экани, фаолият олиб бораётган эпидемиологларнинг ҳам 50 фоизидан ортиғи пенсия ёшидаги ходимлар бўлгани билан асослаган.

Вазир айтган врачлар кимлар?

2023 йил январидан республиканинг деярли барча вилоятларида қизамиқ касаллиги билан касалланиш қайд этила бошланган. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида касаллик жиддий тус олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғининг Kun.uz танишган маълумотномасида келтириб ўтилган.

Маълумотнома ЖИБ Наманган шаҳар судининг 2024 йил 14 ноябрдаги ҳукми билан судланган судланувчиларнинг иш ҳужжатларини ўрганиш бўйича тайёрланган. Ушбу суд ҳукми билан Наманган вилояти “СЭС” ва соғлиқни сақлаш тизимида ишловчи айрим масъуллар судланган.

Kun.uz ўрганган суд ҳукмида келтирилишича, бошқарма масъуллари М.Т., У.М. ва Ш.Л. 2023 йил январ-август ойлари давомида вилоятда 311 нафар беморда қизамиқ аниқланган бўлса-да, эпидемиологик вазиятни гўёки “ижобий” кўрсатиб, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига сохта маълумотлар тақдим қилишган. 

Суд ҳужжатида вилоятда қизамиққа чалинган беморларни аниқлаш, ажратиб қўйиш ва юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизиш, улар билан мулоқотда бўлган шахсларни лаборатория текширувидан ўтказиш ва эмлаш чораларини кўриш ишлари амалга оширилмагани, касалликка чалинган беморлар устидан эпидемиологик суриштирув ва тиббий кузатувлар олиб борилмагани келтирилган. Бунинг оқибатида вилоят ҳудудида аҳоли, айниқса ёш болалар ўртасида қизамиқ касаллиги кескин кўпайиб, эпидемиологик вазият ёмонлашган. Жумладан, вилоятда 2023 йилда 1 912 нафар, 2024 йил январ-феврал ойларида 875 нафар фуқарога қизамиқ юққан, 25 нафар сурункали касаллиги бўлган болалар эса ушбу касаллик асоратидан вафот этган.

Наманган вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори лавозимида ишлаб келган И.Т. эса аниқланган юқумли касаллик бўйича ҳудудий СЭО ва ЖС бўлимларига 12 соат ичида телефон орқали ва 24 соат ичида ёзма равишда шошилинч хабарнома жўнатмаганлиги ва ҳақиқий ҳолатни яшириш мақсадида 74 нафар беморнинг касаллик тарихига қизамиқ ташхиси ўрнига бошқа турдаги касаллик ташхисини ёзиб қўйгани айтилади.