Жаҳон | 14:23 / 21.07.2025
3230
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Миллий разведкаси директори Обамани Трампга қарши фитнада айблади

Тулси Габбарднинг сўзларига кўра, Россиянинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашишга «на нияти, на имконияти» бўлмаган, бу ўша пайтдаги хабарлар томонидан тасдиқланган. У айбдорларни жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Тулси Габбард Фото: Andrew Harnik / Getty Images

АҚШ Миллий разведкаси директори Тулси Габбард 20 июл, якшанба куни ҳукуматпараст Fox News телеканалига берган интервюсида Москванинг 2016 йилги АҚШ президентлик сайловларига аралашиш учун «на нияти, на қобилияти бўлмаган» деди. Унга кўра, Барак Обама ва унинг маъмурияти демократлар мағлубиятга учрагач, Трампнинг сайловдаги ғалабасидан норози бўлгани ҳамда унинг мамлакатни бошқаришига йўл қўймаслик учун тегишли ҳисоботларни сохталаштирган.

«Россия Доналд Трампнинг сайланишига ёрдам бергани ҳақидаги уйдирма яратилиши сайлов олдидан бир неча ой олдин қилинган барча баҳоларга зид бўлди, унда бунинг тескариси кўрсатилганди: Россиянинг АҚШ президенти сайловини бузишга уриниш нияти ҳам, қобилияти ҳам йўқ эди», — деди Габбард собиқ президент Обама ва унинг маъмуриятини Америка халқи ишончини суиистеъмол қилишда айблаб. 

Икки кун олдин Миллий разведка раҳбари мамлакат маъмуриятининг ўша пайтдаги раҳбари томонидан разведка маълумотларини қалбакилаштириш ҳақидаги ҳисоботни эълон қилган эди. Ҳужжатда, хусусан, 2016 йил август ойида ички хавфсизлик хизмати ходими Габбарднинг ўтмишдоши Жеймс Клэпперга овозларни манипуляция қилиш ҳақида «ҳеч қандай аломат йўқлигини» айтган. 

Ўша йили АҚШ разведка идоралари Россияни Доналд Трамп номзодини қўллаб-қувватлаш ва унинг рақиби Ҳиллари Клинтонни обрўсизлантириш мақсадида Америка сайлов жараёнига аралашишда айблади. 2016 йил охирида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди ва унда Россиянинг сайловларга аралашуви ҳақида навбатдаги ҳисобот тақдим этилди. Габбарднинг сўзларига кўра, янги ҳисобот 2017 йилнинг январида тақдим этилган бўлиб, у «олдинги олти ой давомида берилган разведка маълумотларига тўғридан тўғри зид келади».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид