Иқтисодиёт | 09:08 / 24.07.2025
1623
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон энергетика соҳасига микроинвестициялар жалб қилинади

Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси делегацияси амалий сафар билан Беларусда бўлди.

Фото: "Дунё" АА

Сафар давомида "ВОЛМА" ресурс экотехнопарки, Республика касб-ҳунар таълими институти, Давлат стандарти энергия самарадорлиги кафедраси, Power Green Limited компанияси, Soft Club халқаро IТ компанияси ва бошқаларда учрашув ва музокаралар ўтказилди.

Мулоқот чоғида давлат инфратузилмаси барқарорлиги ва энергия самарадорлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Сувни тозалаш, сув таъминоти, электр, газ, иссиқлик таъминоти, шунингдек, канализация ва марказий иситиш тизимлари фаолияти билан боғлиқ асосий вазифалар муҳокама қилинди. Қувурлар коррозияси муаммоси ўрганилди.

Ташриф якунлари бўйича Ўзбекистон Энергетиклари миллий ассоциацияси, "ВОЛМА" экотехнопарки ва Республика касб-ҳунар таълими институти ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Шунингдек, Республика касб-ҳунар таълими институти билан 2025–2030 йилларга мўлжалланган қўшма "йўл харитаси"ни тайёрлаш ва ҳамкорлик меморандумини имзолаш бўйича келишувга эришилди.

Брагин шаҳридаги қуёш электр станциясига ташрифи чоғида юртимиз делегацияси вакиллари станциянинг техник хусусиятлари, энергия сақлаш ечимлари ва атроф-муҳит мониторингига ёндашувлар билан танишди. Европа стандартлари бўйича қуёш электр станцияларини қуриш ва улардан фойдаланиш тажрибаси ўрганилди.

Томонлар "яшил" энергетика соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини, жумладан, Ўзбекистонда ҳам ана шундай лойиҳаларни амалга ошириш учун Беларус тажрибасини татбиқ этиш имкониятларини муҳокама қилди.

Бундан ташқари, PV CONSULT LTD. ва Soft Club компаниялари билан Ўзбекистон энергетика соҳасини рақамли трансформация қилиш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида томонлар энергетика соҳасига хусусий ва давлат молиявий воситаларини, жумладан, микроинвестицияларни жалб қилиш учун қурилиш ва энергетика соҳаларида пилот лойиҳаларни ишга тушириш ҳамда ICO маҳсулот ечимларидан фойдаланиш бўйича ҳаракатлар режасини белгилаб олди.

Мавзуга оид