Ўзбекистон Бадиий академияси ҳар йили ноябр ойида келгуси йил учун давлат буюртмасининг устувор мавзуларини қуйидаги туркумлар асосида белгилайди:
«Янги Ўзбекистон манзаралари» – Янги Ўзбекистондаги ижтимоий, иқтисодий, шаҳарсозлик ва маданий ўзгаришлар, юрт табиати, меъморчилиги, шаҳар ва қишлоқлар, мамлакатда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари, экологик мавзулар.
«Буюк алломалар» – миллий ва дунё тамаддунида улкан из қолдирган буюк аллома ва мутафаккирлар ҳаёти, бой ва бебаҳо мероси, тарихий шахслар, уларнинг илмий, маънавий мероси, тарихий воқеалар, маданий даврлар.
«Замон қаҳрамонлари» – Янги Ўзбекистонда замонавий тараққиёт ва жамиятнинг турли соҳаларида фаоллик кўрсатган, даврнинг бор фазилатини, қиёфасини акс эттирган фидойи инсонлар, реал қаҳрамонлар, оддий халқ ва кўзга кўринмас фидойилар.
Мавзуларни белгилашда Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази таклифлари, санъатшунослар, жамоат арбоблари ва ижодкорларнинг фикри ҳисобга олинади.
Мавзулар ва йўналишлар ҳар келгуси йил учун ноябр ойида Бадиий академиянинг бошқарув кенгаши томонидан муҳокама қилиниб, расмий қарор билан тасдиқланади. Бадиий академия тасдиқланган мавзулар асосида ҳар йили январ ойида ижодкорлар учун оммавий ахборот воситаларида расмий эълон беради.
Ижодий асарларни яратиш бўйича давлат буюртмаси дастлаб Бадиий академиянинг масъул таркибий бўлинмаси – Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан шакллантирилади.
Ишчи орган томонидан шакллантирилган ижодий асарларни яратиш бўйича давлат буюртмаси бошқарув кенгашига тавсия этилади ҳамда бошқарув кенгашининг тегишли қарорига асосан ижодий асарлардан давлат буюртмаси шакллантирилади.
Ушбу давлат буюртмаси орқали тасвирий ва амалий санъат соҳасида ижодкорларни рағбатлантириш, уларни аниқ ижтимоий-маънавий вазифаларни амалга оширишга йўналтириш, жамият учун муҳим мавзуларни ёритувчи ижодий асарлар яратилишини таъминлаш кўзда тутилади.
Ишчи органнинг вазифалари қуйидагилардан иборат:
- тасвирий ва амалий санъат соҳасидаги профессионал ижодкорларни халқ бой маънавий дунёси, озод ва обод ватан келажаги олдидаги масъулият, миллий ўзликни англаш ғояларини тараннум этувчи ёрқин асарлар яратишга йўналтириш ҳамда бу йўлдаги ҳаракатларни рағбатлантирувчи муҳит яратиш ва ташкилий ишларни амалга ошириш;














