Мазкур тадбир Венгрия экспортни рағбатлантириш агентлиги (HEPA) кўмагида Будапешт шаҳрида ўтказилган иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Венгрия ҳукуматлараро комиссияси йиғилишининг мантиқий давоми бўлди.
Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, инновация ва фан-таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган етакчи компаниялар раҳбарлари қатнашди.
Тадбир давомида Венгрия компаниялари Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларини тақдим этди. Хусусан, вакуумли қадоқлаш, биологик чиқиндиларни қайта ишлаш, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, тиббий технологиялар, сувни тежаш, машинасозлик ва инвестициявий бошқарув соҳаларидаги ташаббуслар кўриб чиқилди.
Ўзбекистон вакиллари мамлакат ҳудудида тўғридан тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, технологияларни трансфер қилиш ва қўшма корхоналар ташкил этишдан манфаатдор эканини билдирди.
Бизнес анжуман доирасида технологик ва инвестициявий ҳамкорлик учун янги платформа бўла оладиган Ўзбекистон-Венгрия махсус индустриал зонаси концепцияси тақдимоти ўтказилди.















