Россия Федерациясининг олти вилоятидаги таълим муассасалари 1 сентябрдан Max давлат мессенжерида мулоқотга ўтади. Тажриба лойиҳасига Татаристон, Мари Эл ва Олтой республикалари, шунингдек, Ханти-Мансийск автоном округи, Владимир ва Твер вилоятлари киради, деб ёзади «Коммерсант» газетаси 26 июл, шанба куни.
Давлат мессенжери шу тариқа "Сферум" таълим платформасини алоқа хизмати сифатида алмаштиради. Ўқитувчилар, ўқувчилар, мактабгача тарбияланувчилар ва уларнинг ота-оналари учун аввалроқ Россия ҳукумати томонидан таълим муассасаларига жорий қилинган, хорижий мессенжерлардан фойдаланишни тақиқловчи VK платформаси келажакда Max билан интеграция қилинади.
«Коммерсант»нинг ёзишича, ўтиш уч босқичда амалга оширилади ва 2025 йилнинг ноябригача якунланади. Шундан сўнг 2021 йилдан буён фаолият юритиб келаётган VK ва "Сферум"даги мактаб чатлари ёпилиши режалаштирилган.
Юрист Антон Смирнов нашрга берган интервюсида ота-оналар ва мактаб ўқувчиларини Max мессенжеридан фойдаланишга қонуний мажбурлаб бўлмаслиги, бироқ улар қийинчиликларга дуч келиши мумкинлигини таъкидлади. «Агар синф масалалари муҳокамаси ёки ота-она суҳбатлари Max'га ўтказилса, хизматдан воз кечиш ота-онани бу жараёнлардан ажратиб қўйиши мумкин. Асосий муаммо санкциялар эмас, балки ахборот оқимининг йўқолишидадир», — дея эксперт сўзларини келтиради газета.











