Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов Kun.uz'даги колонкасида Хитойга илк сафари таассуротлари, хусусан хитойликлар чўлларни қандай ўзлаштираётгани ва сув ресурслари борасида фундаментал муаммога эга Ўзбекистон учун бундай тажрибаларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритади.
Ўтган ҳафта ўзбекистонлик журналистлар ва тадқиқотчилардан бир гуруҳи Хитой Халқ Республикасига илмий-амалий сафар қилишди. Улар сафида мен ҳам сафарда иштирок этдим. Биз ХХРнинг Нинся провинцияси пойтахти Инчуан шаҳрида ҳамда республика даражасидаги шаҳар – Тианжианда бўлдик ва университетлар, суньий ақл марказлари, саноат корхоналари, йирик тараққиёт лойиҳалари билан танишдик.
ХХР – бугун дунёнинг иккинчи иқтисодиёти. Номинал ялпи ички маҳсулот кўрсаткичи бўйича АҚШдан кейин дунёда иккинчи ўринни эгаллайди. Бироқ, ЯИМни сотиб олиш қобилияти паритети (PPP) асосида баҳоланганда, ХХР дунёнинг энг йирик иқтисодиёти сифатида кўрилади. Агар АҚШнинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши тахминан 15 фоизни ташкил этса, ХХРнинг улуши 18 фоиз атрофида. Бу 3 фоизлик фарқ бир қарашда катта кўринмаслиги мумкин, лекин амалиётда у жуда катта иқтисодий устунликни англатади.
Кейинги 30 йил ичида ХХРда тахминан 400 миллионга яқин аҳоли қашшоқ ва камбағал синфдан ўрта синфга кўчди. Яъни, 30 йилча олдин бу 400 миллионга яқин аҳолининг яхши уй-жой шароитлари йўқ эди, сифатли овқатланиш ва кийиниш, фарзандларига сифатли таълим бериш, машина олиш ва йилда бир марта бўлса-да давлат ичида ёки хорижга сафар қилиш имконияти йўқ эди. Бугун эса бундай имкониятлар бор. Бугун ўрта статистик хитой оиласида камида битта автомобил, шароитлари яхши уй-жой, фарзандларини ўқитиш учун имкониятлар бор.
ХХР – кейинги йилларда Ўзбекистоннинг, Марказий Осиё давлатларининг биринчи ёки иккинчи савдо-иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. ХХР билан минтақамизнинг иқтисодий боғлиқлиги ўсиб бормоқда ва истиқболда алоқалар фақат кучайиши кутилади. ХХР – Ўзбекистоннинг, МОнинг қўшниси. Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан ХХРнинг чегарасигача бўлган масофа бор-йўғи 150 км. Ўртада фақат Қирзиғистон бор холос. Бугунги кунда Ўзбекистон, Қирғизистон, ХХРни боғловчи темирйўл ҳам қурилмоқда.
Сафар чоғида Ўзбекистон вакиллари Lenovo компанияси заводига ҳам бориб, компания тарихи ва янги маҳсулотлари билан танишди. Lenovo – бугунги кунда персонал компютерлар ишлаб чиқаришда дунёда биринчи ўринда туради. Компаниянинг 2024/25 молиявий йилдаги умумий тушумлари 69 млрд долларни ташкил қилган, йиллик соф даромад эса ўтган йилгига нисбатан 36 фоизга ошиб, 1,4 миллиард долларга етган.
Гарчи бу сафар чоғида ўзбекистонлик журналистлар, сиёсатшунослар ХХРнинг кўплаб аҳамиятли лойиҳалари билан танишган бўлса-да, менинг назаримда энг аҳамиятлиси – қуёш энергиясини ўзлаштириш ва чўлни ободонлаштириш лойиҳалари эди.


















