Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2025 йил 1 августдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Иш ҳақи ва стипендиялар ошади
2025 йил 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади. Бу ҳақда президентнинг бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларини 10 фоизга, яъни инфляциядан паст бўлмаган даражада оширишга доир фармонида назарда тутилган.
Ҳужжат билан 2025 йил 1 июлдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар ҳамда кам таъминланган оилаларга болалар нафақалари ва моддий ёрдам тўловлари миқдорлари 10 фоизга оширилганди.
1 августдан эътиборан, базавий ҳисоблаш миқдори 412 минг сўм деб белгиланади (ҳозир – 375 минг). Шу санадан бошлаб, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 1 млн 271 минг сўмни ташкил этади (ҳозир – 1 млн 155 минг).
Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилиши билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланиши кўрсатилган.
Чиқинди қарзи учун “свет” ўчади
Ўзбекистонда маиший чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизмати учун тўлов 2025 йил 1 августдан бошлаб электр энергияси тўловига боғлаб қўйилади. Бунда чиқиндидан қарздор истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади.
Бу янги тартиб 2025 йил 30 июнгача бўлган қарздорликларга татбиқ этилмайди. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилган.
Чиқиндини тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари бўйича тўлов интизомини кучайтиришга қаратилган қонун 2025 йил 7 мартда қабул қилинган эди. Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг 2100 қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим.














