Ўзбекистон | 12:18 / 02.08.2025
3586
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 8 та давлатдаги депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болаларни қайтаради

Ташқи ишлар вазирлиги, Миграция агентлиги ва мамлакатнинг хорижий давлатлардаги 30 дан ортиқ дипломатик ваколатхоналари масъуллари иштирокидаги онлайн мулоқотда “Ватанга қайтариш” хайрия акциясини самарали ташкил қилиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Фото: Миграция агентлиги

Унга кўра, элчихона ва консулликлар 7 августга қадар хорижий давлатларнинг депортация марказларидаги ўзбекистонлик фуқароларни аниқлайди ва рўйхатни Миграция агентлигига тақдим этади.

15 августгача шахсий маълумотлари етарли бўлмаганлар учун зарур ҳужжатларни тайёрлаб, иккинчи рўйхатни агентликка юборади.

Миграция агентлиги тақдим этилган рўйхат асосида 1-3 иш куни ичида авиачипталарни харид қилади.

Фуқаро миграция агентлигига тўғридан тўғри мурожаат қилса, агентлик ходимлари 1-2 соат ичида боғланади ва ҳужжатларни масофавий қабул қилади. Аризани 1 кун ичида кўриб чиқиб, 2 кун муддатда йўл чипта билан таъминлайди.

Маҳаллий ҳокимликлар, Бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмиталари, ватанга қайтарилган фуқароларни руҳий, ижтимоий ва иқтисодий мослаштириш ишларини амалга оширади.

Акция жорий йил 30 июлдан 30 августгача давом этади. Биринчи навбатда Туркия, Россия, Қозоғистон, БАА, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, АҚШ ва Жанубий Кореяда депортация марказларида сақланаётган аёллар ва болалар қайтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид