“Меҳнат муносабатлари ва касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда иш берувчиларни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 сентябрдан эътиборан:
- ходимлари 50 нафаргача бўлган хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги ва қурилиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларга ягона миллий меҳнат тизими (ЯММТ)да биометрик идентификация қилиш (Face-ID) орқали электрон меҳнат шартномаларини тузиш ва бекор қилишни расмийлаштиришга рухсат берилади;
- давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувлар ҳақида ваколатли органни олдиндан хабардор қилиш тартиби бекор қилинади;
- “Хавфни таҳлил этиш” тизимининг таҳлил натижаларига асосан ўтказиладиган текширувларнинг бошланиши ҳақида камида 10 иш куни олдин тадбиркорни хабардор қилиш тартиби давлат меҳнат инспекторлари томонидан ўтказиладиган текширувларга татбиқ этилмайди.
2026 йил 1 январдан эътиборан, ЯММТ орқали қайд этилган меҳнат қонунчилиги бузилишини иш берувчи иштирокисиз кўриб чиқиш ва қонунбузилиши ҳолатлари бўйича электрон маъмурий қарор қабул қилиш тизими жорий этилади.















