Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига ўтиши Жанубий Кавказдаги тинчлик жараёнлари фонида янги геосиёсий саволларни келтириб чиқармоқда. Бу йўлак Марказий Осиё учун транзит харажатларини камайтириб, савдо имкониятларини кенгайтириши мумкин. Аммо АҚШнинг минтақадаги таъсири ортиши Каспий атрофидаги кучлар мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиб, янги геосиёсий рақобат босқичини бошлаб бериши эҳтимолдан холи эмас.

“Геосиёсат”да сиёсатшунослар мазкур мавзу юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Зангезур йўлагининг АҚШ назоратига ортиши Марказий Осиё учун нимани англатади? Бу жараённинг фойдали ва салбий томонлари қандай бўлиши мумкин?

Жаҳонгир Акрамов: Озарбойжон ва Арманистон ўртасида тинчлик шартномасининг имзоланиши халқаро муносабатлар учун ижобий ҳолатдир. Бу можаро ҳатто Совет Иттифоқи тузилишидан олдин, Октябр инқилобидан кейинги даврларга, ундан ҳам илгари рус-турк урушлари даврига бориб тақаладиган, юз йиллардан бери давом этиб келаётган зиддиятдир. Шундай экан, тинчликка эришиш, албатта, ижобий натижа.

Бироқ бу воқеа Россиянинг Жанубий Кавказда катта мағлубиятга учраганини ҳам англатади. Эндиликда у бу ҳудудда гегемон эмас, балки оддий иштирокчи даражасида қолмоқда. Зангезур йўлагининг Америка компаниясига ишониб топширилиши ижобий қарор бўлмаслиги мумкин. Чунки Озарбойжон аслида музокараларни икки томонлама олиб боришни хоҳлаган ва дастлаб бу лойиҳани Швейцария компаниясига беришни режалаштирган эди. Ҳозирги шароитда эса АҚШ сиёсатининг, айниқса, Трамп давридан кейин барқарор ва олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган ҳолга келгани қўшимча хавфларни юзага чиқариши эҳтимолдан холи эмас.

Агар бу йўлак халқаро консорциум кўринишида ташкил этилса, Европа давлатлари ҳам иштирок этиши ва Озарбойжон ҳам, Арманистон ҳам манфаатдор бўлиши мумкин эди. Акс ҳолда бу Эроннинг ҳам норозилигига сабаб бўлиши эҳтимоли бор, чунки лойиҳа бевосита унинг ёнида жойлашган.

Марказий Осиё нуқтайи назаридан эса Зангезур йўлагининг очилиши катта иқтисодий имкониятдир. Ҳозир Ўзбекистон ва бошқа минтақа давлатлари Каспий денгизи орқали Грузия портларидан фойдаланади, бу эса ортиқча транзит харажатларини келтириб чиқаради. Зангезур йўлаги очилса, таннарх камаяди, жаҳон бозорига чиқиш осонлашади. Бу йўл орқали Туркия портларига чиқиш имкони бўлади, бу эса Марказий Осиё маҳсулотлари рақобатбардошлигини оширади.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги савдо йўлларида минтақанинг ўрни кучаяди. Бу эса маълум маънода Буюк Ипак йўлининг қайта тикланиши ва 1998 йилларда кўтарилган Транс-Европа-Кавказ-Осиё лойиҳасининг янги босқичда амалга оширилишидир.