Жамият | 10:54 / 11.08.2025
3676
4 дақиқада ўқилади

Умра хизматларини ноқонуний амалга ошираётган шахслар фаолиятини аниқлаш мақсадида “Сирли мижоз” тадбири ўтказилади

Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходими Умра хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг олдига мижоз сифатида боради ва ундан ўзига Умра хизмати кўрсатилишини сўрайди. “Сирли мижоз” тадбири текшириш ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди. Бундай тадбирлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.

Фото: Дин ишлари бўйича қўмита

Дин ишлари бўйича қўмита қарори билан “Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди. Низом Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолиятида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, лицензияга эга бўлмаган шахслар томонидан ноқонуний хизматлар кўрсатилишини барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида назорат харидини амалга ошириш тартибини белгилайди.

Ҳужжатда Умра хизматларини ноқонуний амалга ошираётган жисмоний ёки юридик шахслар фаолиятини барвақт аниқлаш мақсадида “Сирли мижоз” тадбирини ўтказиш назарда тутилган. Тадбир қонунийлик, холислик ва адолатлилик принципларига асосланган ҳолда қўмита масъул ходимлари томонидан амалга оширилади.

“Сирли мижоз” тадбири текшириш ёки тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ҳисобланмайди, бундай тадбирлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олинмайди.

“Сирли мижоз” тадбири қуйидаги манбалардан олинган маълумотлар асосида ташкил этилади:

  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан Умра хизматини кўрсатиш фаолияти юзасидан қўмитага келиб тушган мурожаатлар;
  • давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан тақдим этилган маълумот, таҳлил ва хулосалар;
  • оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги вебсайтлар, ижтимоий тармоқлар ва бошқа очиқ манбаларда тарқалган маълумотлар;
  • “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизимида ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи ўрта ва юқори даражада баҳоланган тадбиркорлик субъектлари тўғрисидаги маълумотлар.

Тадбирни ўтказиш қўмита раиси томонидан қабул қилинадиган тегишли буйруқ асосида амалга оширилади. Унда “Сирли мижоз” тадбирини ўтказиш учун асос бўлган маълумотлар, тадбирни ўтказиш муддати, уни амалга оширувчи масъул ходим исми ва лавозими ҳамда бошқа маълумотлар кўрсатилиши керак. 

Қўмита масъул ходими Умра хизматларини ноқонуний амалга оширишда гумон қилинаётган жисмоний ёки юридик шахснинг олдига мижоз сифатида боради ва ундан ўзига Умра хизмати кўрсатилишини сўрайди ҳамда маълумотларни йиғади. “Сирли мижоз” тадбири давомида Умра хизматини кўрсатиш учун тегишли лицензия мавжудлиги, Умра хизматини кўрсатиш шартлари (муддати, нархи ва бошқалар) ҳамда тўлов усули ҳақидаги маълумотлар тўпланади. Тадбир давомида яширин диктофон ёки видео кузатув мосламаларидан фойдаланилиши мумкин. Ушбу мосламаларда ёзиб олинган маълумотлардан бошқа мақсадларда фойдаланишга йўл қўйилмайди.

“Сирли мижоз” тадбири натижалари бўйича далолатнома қўмита масъул ходими томонидан тадбир якунлангандан кундан эътиборан бир иш куни ичида Қўмитанинг ваколатли таркибий бўлинмасига тақдим этилади. Қўмитанинг ваколатли таркибий бўлинмаси томонидан “Сирли мижоз” тадбири натижалари бўйича далолатнома у тақдим этилгандан сўнг беш иш куни ичида кўриб чиқилади. Бунда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари мавжуд бўлса, қонунчиликда белгиланган тартибда текширувлар ўтказиш ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга материалларни юбориш бўйича таклифлар тайёрланади.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид