Жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон шаҳар судида бир кунда Россия армиясига ёлланган икки йигитга ҳукм ўқилди. Уларнинг ҳар иккиси Иштихон туманида истиқомат қилган. Kun.uz суд ҳужжатлари билан танишди.
“Акамни олиб келиш учун бордим”
Н.Д. 41 ёшда. 3 нафар фарзанднинг отаси. У 2012 йилдан ишлаб пул топиш учун Қозоғистон ва Россия давлатларига бориб-келиб юрган. 2023 йил 24 июл куни ишлаш мақсадида Россиянинг Тула шаҳрига борган.
Тула шаҳрида ишлаб ва яшаб келиши давомида Н.Д. Россия қуролли кучлари сафига ёлланган: у 2023 йил 21 ноябрда Тула шаҳридаги мудофаа ишлар бўлимида Россия армияси сафида ҳарбий хизматни ўташ учун 1 йиллик шартнома имзолаган. Сўнгра ҳарбий қисм командирининг буйруғи билан ўқчи-гранатомётчи ёрдамчиси лавозимига тайинланган. Н.Д. 2023 йил ноябр ойидан 2024 йил сентябргача Луҳанскдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.
Н.Д. судда айбига иқрор бўлиб, урушга акасини олиб келиш учун борганини айтган.
“2023 йил 24 июл куни ишлаш мақсадида Россиянинг Тула шаҳрига бордим. Сабаби, акам Россия фуқаролигини олган, у оила аъзолари билан Тула шаҳрида истиқомат қиларди.
Шаҳардаги қурилиш ишларида ишлаб юрган вақтимда акамнинг турмуш ўртоғи акам Россия ва Украина ўртасида бўлаётган жанговар ҳаракатларида иштирок этиш мақсадида урушга кетганини айтди. Шундан сўнг акамни қайтариш мақсадида урушга боришга мажбур бўлдим.
2023 йил 21 ноябрда Тула шаҳридаги Мудофаа ишлари бўлимида бир йиллик шартнома имзоладим. Ҳарбий қисм командирининг буйруғи билан десант-парашютчи ротаси, ўқчи-гранатомётчи ёрдамчиси лавозимига ҳарбий хизматга тайинландим. Мени ҳарбий ўқув машғулотларидан ўтиш учун Луҳанскдаги ҳарбий дала лагерига олиб боришди. 2 ой тайёргарликдан ўтганимиздан кейин урушга кирдик. Мен асосан фронт орти ишларида, яъни окоплар қазиш, блиндажлар ясаш, мудофаа иншоотлари қурилишида қатнашдим.
Фронт чизиғи биз ишлаётган ҳудуддан тахминан 30 км узоқликда жойлашганди. Ҳарбий жанговар ҳаракатларда иштирок этмаганман. Ўша вақтда акам 2024 йил 24 июн куни Луҳанскнинг Терней номли ҳудудида бўлиб ўтган жангда ҳалок бўлганини эшитдим.
2024 йил 19 сентябр куни Луҳанскнинг Владимировка посёлкасида блиндаж қуриш ишларини амалга ошираётганимизда Украина томонидан миномёт ва бошқа артиллерия снаряд ўқлари келиб тушди. Биз ўрмонга қараб қочмоқчи бўлдик. Бироқ осколкалардан жароҳатландим. Мен билан ишлашга келган аскарларнинг барчаси ҳалок бўлди. 3 кунгача ҳеч ким бизни қидириб келмади. Озиқ-овқат ва сув тамом бўлганидан сўнг судралиб йўлга чиқдим ва ўтаётган аскарни кўриб қолиб, ундан ёрдам сўрадим
















