Тақдимотда мутасаддилар сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025–2028 йилларга мўлжалланган дастурида назарда тутилган чора-тадбирлар тўғрисида ахборот берди.
Қайд этилишича, дастурда сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга устувор аҳамият қаратилган. Шу мақсадда 2 минг 551 километр ирригация тармоқлари реконструкция қилиниши белгиланган. Насос станцияларидаги эски ускуналарни тежамкорига алмаштириш орқали уларнинг йиллик электр энергияси истеъмолини 6,8 миллиард кВт/соатдан 6,2 миллиард кВт/соатгача камайтириш мўлжалланган.
Дастурда сув таъминоти паст бўлган суғориладиган майдонларни 424 минг гектардан 276 минг гектаргача камайтириш кўзда тутилган. Турли даражада шўрланган ҳамда ерости сувининг сатҳи муаммоли бўлган майдонлар ҳам камайтирилади. Натижада фойдаланишдан чиқиб кетган 460 минг гектар ер экишга қайтарилади.
Яна 1 миллион 400 минг гектар ерда сув тежовчи, шу жумладан, 293 минг гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. 20 та йирик иншоотларда назорат-ўлчов ускуналари модернизация қилинади.
Сув ҳисобини юритишда инсон омилини камайтириш ҳам муҳим. Бу борада 12 мингта мелиоратив кузатув қудуғида ҳамда 1 минг 750 та насосда замонавий мониторинг йўлга қўйилади. 12 та йирик сув хўжалиги иншооти рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилади.

Умуман, дастур натижасида бетон қопламали каналлар улуши ҳозирги 39 фоиздан 47 фоизга етади. Ирригация тармоқларининг сифати ошиб, йўқотишлар камаяди. Тежамкорлик ҳисобига бу йил 10 млрд куб метр, 2028 йилга бориб 14 млрд куб метр сув иқтисод қилиниши кутилмоқда.
Давлат раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастурини тасдиқлади.
Тақдимотда, шунингдек, соҳада самарадорликни ошириш, рақамлаштириш, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш борасидаги ишлар тўғрисида ҳам ахборот берилди.
Ҳозирги кунда вилоятлар, туманлар ва хўжаликлар миқёсидаги 18 минг 755 та гидропостни автоматлаштириш бошланган. Кейинги босқич далаларга сув тақсимловчи нуқталарда режалаштирилган.















