Сўнгги кунларда Украинадаги кўплаб манбалар РФ қуролли кучлари Донецк области Покровск райони Доброполе шаҳри атрофида, Краматорск ва Словянск йўналишида украинлар мудофаасини ёриб ўтгани ҳақида хабар тарқатди. Бу маълумот мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган, интернетда ҳозирча бундай чуқур ёриб киришни тасдиқловчи видеоёзувлар пайдо бўлмаган.

Украина мудофаа вазирлигига яқин ҳисобланган DeepState OSINT-лойиҳаси 11 август куни қуйидагича маълумот берди:

  • РФ қуролли кучлари Покровск шимолида саккиз-ўн километр масофага илгарилаб, Кучеров Яр ва Золотой Колодец қишлоқларига етиб келган, бу ерда кейинги юриш учун куч тўпланмоқда;
  • Кучеров Ярдан улар янада шимолроққа, Веселое қишлоғига ўтишган, 11 август кунидаги ҳолатга кўра, бу ҳудудга 20 чоғли россиялик ҳарбий келганди;
  • Шунингдек, Россия армияси Доброполе — Краматорск трассаси бўйида, Нововодяное ва Петровка қишлоқларида мустаҳкам ўрнашиб олишга ҳаракат қилмоқда.

DeepState таҳлилчилари россиялик ҳарбийлар «келгусида ҳаракатни давом эттириш учун заиф нуқталарни пайпаслаб кўраётгани», муваффақиятни ривожлантириш учун тезда ўрнашиб олишга ва куч тўплашга ҳаракат қилаётгани, бу вақтда украин командирлари «ёки муаммо жиддийлигини тушунмаётгани, ёки вазият „назорат остида“ деб ўйлаётгани»ни айтишган.

OSINT-лойиҳасида таъкидланишича, Золотой Колодец, Шахово ва атрофдаги бошқа аҳоли яшаш манзилларида украин кучлари қурган муҳандислик-фортификация иншоотларини РФ қуролли кучлари «шунчаки айланиб ўтмоқда, кейин эса эгаллаб олиб, ўз мудофааси учун фойдаланмоқда». Агар россиялик ҳарбийлар Золотой Колодец, Кучеров Яр, Веселое ва уларга қўшни бўлган бошқа қишлоқларни тўлиқ эгаллаб оладиган бўлса, Украина «Доброполе Покровскдан олдинроқ қулаши муаммосига дуч келиши мумкин», дея огоҳлантирган DeepState таҳлилчилари.

11 август куни финларнинг Black Bird Group лойиҳаси таҳлилчиси Паси Паройнен ҳам Покровскдан шимолдаги вазият шитоб билан ёмонлашиб бораётгани, сўнгги уч кунликда (9-11 август) РФ қўшини украинларнинг мудофаа чизиқларига тахминан 17 километр чуқурликда кириб борганини таъкидлаган. «Мавжуд маълумотларга кўра, Россиянинг илғор бўлинмалари Т0514 Доброполе – Краматорск йўлига етиб борган, шунингдек, Россия гуруҳлари Доброполе шаҳри чеккасига кириб боргани айтилмоқда», – деган Паройнен.

Россия қўшинлари май ойидан бошлаб июл ойи охиригача Покровск – Константиновка трассаси бўйлаб 10 километрдан ортиқ масофани босиб ўтиб, Покровск – Мирноград агломерациясини қуршаб олиш хавфини туғдирди, деб хабар берганди «Украинская правда» 29 июл куни. Россия қуролли кучлари назорати остидаги ҳудуднинг Золотой Колодец ва Нововодяное йўналишида кенгайиши «аслида бу йўлнинг узил-кесил йўқолишини англатади», деб ҳисоблайди нашр. Йўл Покровск учун асосий таъминот линияси ҳисобланган, бироқ июн ойида йўл Россия дронлари ҳужуми туфайли тинч аҳоли учун ёпилган.